Россия ва Украина ўзаро зарбалар алмашди. Қурбонлар бор
Олам
−
17:27 1490 3 дақиқа
Кеча, 5 апрель куни Россия ва Украина ўзаро зарбалар алмашди. Оқибатда Одессада уч киши ҳалок бўлди, Новороссийскда саккиз киши жароҳатланди. Бу ҳақда мамлакат расмийлари хабар берди.
Краснодар ўлкаси губернатори Вениамин Кондратьевнинг сўзларига кўра, минтақа 5 апрель куни эрталабдан бери дронларнинг оммавий ҳужуми остида қолмоқда. Новороссийск, Анапа, Геленжик, Сочи ва бошқа шаҳарларда огоҳлантириш тизимлари ишлаяпти. Кондратьев Новороссийскдаги вазиятни энг мураккаб деб атаган. У ерда саккиз киши, жумладан, икки нафар бола жароҳатланган. Уларнинг барчаси шифохонага ётқизилган.
Дронлар ҳужуми оқибатида шаҳарда олтита кўп квартирали ва иккита хусусий уйга шикаст етган. Дрон бўлаклари бир нечта корхоналар ҳудудидан топилган. Краснодар ўлкаси тезкор штабининг аниқлик киритишича, дрон парчалари Новороссийскнинг Жанубий ички шаҳар туманидаги кўп қаватли уйга теккан.
Россия Мудофаа вазирлигининг маълум қилишича, 5 апрель Москва вақти билан соат 23:00 дан 6 апрель соат 07:00 гача бўлган вақт оралиғида ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари Россиянинг тўртта минтақаси узра 50 та самолёт типидаги дронни тутиб олган ва йўқ қилган. Маълумотларга кўра, дронлар Белгород, Брянск ва Ростов вилоятлари, Краснодар ўлкаси ҳамда Азов ва Қора денгиз акваториялари узра уриб туширилган.
Ўз навбатида, Украина расмийлари Россия қўшинлари 6 апрелга ўтар кечаси Одессага зарба берувчи дронлар билан ҳужум қилганини маълум қилган.
“Душман тураржой бинолари, муҳим инфратузилма объектлари ва маъмурий биноларга зарба берди. Кўп қаватли уйга зарба берилгани қайд этилди”, дейди Украина Бош вазири ўринбосари Алексей Кулеба.
Одесса вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Олег Кипернинг маълумотларига кўра, Россия зарбаси оқибатида уч киши ҳалок бўлган: 30 ёшли аёл ва унинг икки ярим ёшли қизи, шунингдек, яна бир 53 ёшли аёл.
Кипер ўзининг Telegram-каналида хабар беришича, 15 киши турли даражадаги жароҳатлар олган. Жабрланганлар орасида ҳомиладор аёл ва икки нафар бола: 7 ойлик ўғил бола ва 2 ёшли қизча бор.
“Одамларнинг бир қисми оғир аҳволда. Шифокорлар болаларнинг аҳволини ўртача оғирликда деб баҳоламоқда”, деб ёзди у.
Украина Давлат фавқулодда вазиятлар хизмати шикастланган тураржой биноси вайроналари остида одамлар қолиб кетган бўлиши мумкинлигини маълум қилган. Идоранинг Telegram-каналида хабар берилишича, авария-қутқарув ишлари давом этмоқда, уларга, жумладан, махсус ўргатилган итлар билан кинологлар ҳам жалб этилган.
Украина Қуролли кучлари Ҳаво кучларининг маълум қилишича, Россия 6 апрелга ўтар кечаси Украинага 141 та дрон билан ҳужум қилган, маҳаллий вақт билан соат 08:00 ҳолатига кўра улардан 114 таси уриб туширилган ва йўқ қилинган. Хабарга кўра, 17 та нуқтада 26 та зарба берувчи дрон келиб тушиши, шунингдек, парчалар қулаши қайд этилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия қўшинлари Днепропетровск вилоятидаги Никополь шаҳрига зарба берганди. Оқибатда беш киши ҳалок бўлган, яна 19 киши яраланган.
Live
Барчаси