Россия ва Украина ўртасида дронлар жанги бўлди
Олам
−
14 Декабрь 2023
9123Бугун, 14 декабрга ўтар кечаси Россия Украинага учувчисиз самолётлар ва С-300 ракеталари билан ҳужум қилди. Бу ҳақда Украина Қуролли кучлари Ҳарбий ҳаво кучлари қўмондонлиги хабар берди.
Маълумотларга кўра, Россиянинг 42 та Shahed-131/136 дронлари уч йўналишдан – аннексия қилинган Қримдаги Балаклава ва Чауда ҳамда Россия Федерациясининг Краснодар ўлкасидаги Приморско-Ахтарскдан учирилган. Уларнинг деярли барчаси (биттаси бундан мустасно) уриб туширилган.
Маҳаллий ҳокимиятнинг хабар қилишича, Одессада уриб туширилган учувчисиз самолётларнинг қолдиқларидан ўндан ортиқ бинолар, асосан, турар-жойлар зарар кўрган, шахсий автомобиллар ёниб кетган. 11 нафар тинч аҳоли, жумладан, 3 нафар бола жароҳатланган.
Дунай ҳудудида Россия кучлари Украина-Руминия чегарасидаги порт инфратузилмасига ҳужум қилган. Йиқилган вайроналар иккита дон омборининг сақлаш жойларига зарар етказган. Ҳеч ким жабрланмаган.
Бундан ташқари, Украина Қуролли кучлари қўмондонлигига кўра, ярим тунга яқин Херсон вилоятининг босиб олинган ҳудудидан Николаев ва Херсон вилоятлари йўналиши бўйича олтита С-300 ракеталари учирилган.
Одесса вилояти расмийларига кўра, Херсон яқинидаги Миролюбовкадаги хусусий уй, гараж ва хўжалик иншоотлари С-300 ракетаси билан вайрон қилинган бўлиши мумкин. Кекса аёл уй вайроналари остида вафот этган. Шунингдек, таълим муассасаси ва амбулатория ҳам зарар кўрган.
Ўз навбатида, Россия Мудофаа вазирлиги мамлакат ҳудудига учирилган тўққизта Украина самолёти типидаги дронлар уриб туширилгани маълум қилган. Билдирилишича, дронлар Калуга ва Москва вилоятларида тутилган.
Москва мэри Сергей Собянин кечаси Наро-Фоминск шаҳар округида Россия пойтахти томон учаётган икки дрон ҳужуми қайтарилганини айтган. Дастлабки маълумотларга кўра, ҳар иккала ҳолатда ҳам вайронагарчилик ва қурбонлар бўлмаган.
Калуга губернатори Владислав Шапшага кўра, Калуга вилоятининг Сухиничи туманида битта дрон уриб туширилган. Қурбонлар ва вайронагарчиликлар ҳақида маълумот йўқ.
LiveБарчаси