Россия ва Эрон янгиланган ҳамкорлик битимини имзолайди
Олам
−
31 Октябрь
2632Россия ва Эрон ўртасида яқин келажакда янгиланган ҳамкорлик шартномаси имзоланади. Бу ҳақда Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров бугун, 31 октябрь куни Евроосиё хавфсизлиги бўйича Минск халқаро конференциясида маълум қилди.
Вазир имзоланиши кутилаётган кенг қамровли битимда мудофаа масалаларига алоҳида эътибор берилишини айтди. Шунингдек, Лавров давлатлар ўртасида кенг қамровли стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома Россия-Эрон муносабатларини мустаҳкамлашда жиддий омил бўлишини таъкидлади.
“Россия-Эрон муносабатларини мустаҳкамлашда Россия ва Эрон ўртасида кенг қамровли стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома жиддий омил бўлади. Шартнома яқин келажакда имзолашга тайёрланмоқда. У ерда томонларнинг минтақавий ва глобал даражада тинчлик ва хавфсизлик манфаатлари учун мудофаа ва ўзаро ҳамкорлик соҳасида янада яқинроқ ҳамкорлик қилиш тасдиқланади”, деган у.
Маълумот учун, 23 июль куни Россия Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Андрей Руденко Россия Эрон билан кенг қамровли стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома матнини мувофиқлаштиришни якунлаганини айтганди. Ҳужжат матни Россия ва Эрон ТИВнинг Москвадаги ҳуқуқий ва ҳудудий бўлинмалари экспертларининг “самарали маслаҳатлашувлари” давомида якунланган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Москва Қўшма Штатларни Россия ва Эрон ўртасидаги ҳарбий-техник ҳамкорликка "бурнини тиқиштирмасликка" чақирганди. Унга кўра, Россия ва Эрон ўртасидаги ҳамкорлик иқтисодиёт ва транспорт соҳаларида жуда узоққа чўзилган ва бундай ўзаро ҳамкорлиги ҳеч қандай халқаро мажбуриятларни бузмайди.
Муҳаммад Ҳодиев