Россия ва Ҳиндистон мигрантлар бўйича битим тайёрламоқда

Олам

image

Россия ва Ҳиндистон ҳиндистонлик меҳнат муҳожирларига кафолатлар бериш бўйича музокаралар олиб бормоқда. Бу ҳақда “The Economic Times” нашри хабар берди.

Қайд этилишича, ўтган ҳафта Қатарда бўлиб ўтган учрашувда Россия ва Ҳиндистон меҳнат вазирлари ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилган. Россияда ҳиндистонлик меҳнат муҳожирларининг ҳуқуқларини кафолатлаш бўйича келишув тайёрланмоқда. Яқин йилларда Россиядаги ҳиндистонлик ишчилар сони сезиларли даражада ортиши кутилмоқда.

Ҳиндистондан келган ишчилар Россия ҳудудида асосан қурилиш соҳаси ва тўқимачилик саноатида банд. Шунингдек, машинасозлик ва электроника саноатида ҳам мутахассисларга талаб ортиб бораётгани қайд этилган.

Мазкур келишув Россия Президенти Владимир Путиннинг Ҳиндистонга ташрифи чоғида, Бош вазир Нарендра Моди билан учрашуви доирасида имзоланиши мумкин. Владимир Путин илгарироқ Ҳиндистонга декабрь бошида ташриф буюришни режалаштираётганини билдирган. Ҳиндистоннинг NDTV ва “News18” телеканаллари ташрифнинг 5-6 декабрь кунлари бўлиши мумкинлигини хабар қилган.

Россия Меҳнат вазирлиги маълумотларига кўра, жорий йилда ҳиндистонлик ишчиларни жалб қилиш квотаси 71,8 минг кишини ташкил этади — бу хорижлик ишчилар учун ажратилган умумий квотанинг қарийб учдан бир қисмига тенг.

Мутахассисларнинг фикрича, ўсиб бораётган ҳинд диаспораси яқин йилларда Ҳиндистон ва Россия ўртасидаги ҳамкорликнинг муҳим таянчи бўлиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ АҚШнинг Россияга қарши санкцияларидан кейин Ҳиндистоннинг нефтни қайта ишлаш заводлари Россиянинг Urals маркали нефтини сотиб олишни тўхтатиб, кутиш режимига ўтганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия мигрант Ҳиндистон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг