Россия Ўзбекистоннинг ички ишларига аралашмоқда
Таҳлил
−
27 Сентябрь
21738Тошкент шаҳридаги мактаблардан биридаги рус тили дарсида ўқитувчи ўқувчини аёвсиз калтаклагани ортидан Россия Ташқи ишлар вазирлиги "оёққа турди".
Чилонзор туманидаги 188-мактабда 23 сентябрь куни тахминан соат 15:00 лар атрофида 6-синф ўқувчиси рус тили фани дарсида ўқитувчига гап қайтарган ва тортишиб қолган.
Ўзбекистонда бўлган бу ҳолатга бир кун ҳам ўтмай, ҳали ўзбекистонликларнинг қулоғига тўлиқ етиб-етмаёқ Россия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мария Захарова ўзининг аччиқ баёноти билан чиқди. У ўқитувчининг 6-синф ўқувчисини рус тили дарсида уришини “рус тилига нисбатан адоват” сифатида қабул қилган ва бу бўйича Ўзбекистон ҳукуматидан изоҳ талаб қилган.
“Биз Ўзбекистон томонидан расмий тушунтириш сўрадик. Икки давлат ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчиликка асосланган дўстона муносабатларда, айниқса, тил нуқтаи назаридан, ҳеч қандай адоватга ўрин йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас. Изчил чора-тадбирлар кўриш, жумладан, рус тилининг кўп асрлик алоқаларимизда қўлланилишининг фойдали таъсирини жамоатчиликка эслатиш, маданий-маърифий, илмий ва ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ўзаро бойитиш зарур.
Ўзбекистон томони ОАВда тарқалган материалга зудлик билан ҳуқуқий баҳо бериш ва агар асосланса, болаларга нисбатан зўравонлик содир этган шахсга нисбатан чора кўриш сўралади. Биз бу масалани диққат билан кузатиб борамиз”, деди Захарова.
Социолог Шуҳрат Расул Захарованинг бу баёнотини “босим” деб баҳолади.
“Шубҳасиз бу босим. Жуда қўпол равишда бошқа бир давлатнинг ички ишларига аралашишдир. Оддий бир ўзбек мактабида устоз ва ўқувчи ўртасида маиший келишмовчилик юз берган. Видеодаги овозлардан шуни тушуниш мумкинки, қандайдир ўқувчининг хатосига устоз ноадекват жавоб қайтаряпти. Лекин бу жавобда ҳеч қанақа миллатчилик, бирон бир тилга ҳурматсизлик йўқ. Мактабдаги бу ҳолатни икки давлат ўртасидаги катта бир муаммога айлантириш, орага совуқчилик тушуриш ва бунда нафақат воқеада иштирок этаётганларни, балки, Ўзбекистоннинг фаолларини, ҳукуматини, Ташқи ишлар вазирлигига туҳмат ёғдириш мутлақо хатолик деб ўйлайман”, деди у.
Ҳолатни яқиндан ўрганган Болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонованинг QALAMPIR.UZ’га тушунтириш беришича, ўқитувчи рус тили ўқитувчиси бўлмаган, балки мактабнинг ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари лавозимига тайинланиши керак бўлган. Бу ҳолатда “тилга адоват” ҳақида ҳеч қандай гап-сўз бўлиши мумкин эмас. Ўқувчи ҳам, ўқитувчи ҳам ўзбек ва муҳими ўзбекистонлик.
“Аввало, Захарова хоним дипломатия алифбосидан мутлақо узоқлашиб кетган. Бошқа бир суверен давлатнинг ичида бўлаётган маиший бир муаммоларни “ундай кузатамиз”, “бундай кузатамиз” дейишининг ўзи катта бир давлатнинг дипломатияси нотўғри ишлаётганини кўрсатади. Шунинг ўзиёқ Россиянинг Ўзбекистон суверенитетини таҳқирлаш, бизнинг мустақиллигимизни менсимаслик, бизга менторлик қилиш, ўқитувчи бўлиш каби ҳаракатлар кўриняпти”, деди Шуҳрат Расул.
Бошқа сиёсатшунослар ҳам Россия Ташқи ишлар вазирлиги вакиласининг хатти-ҳаракати ҳеч бир қонуний меъзонларга тўғри келмаслигини билдирди. QALAMPIR.UZ саволларига жавоб берган сиёсатшунослар – Фарҳод Толипов ва Фарҳод Каримовлар ўқитувчининг ўқувчига бўлган муносабатини оқламайди. Аммо нима бўлганда ҳам Ўзбекистон ўз муаммосини ўзи ҳал қила олади.
“Мария Захарова яна бир бор ўзининг империялистик чиқишини намоён этди. Гўёки Ўзбекистонда рус тили таҳқирланаётгандек, рус тилига ҳурматсизлик билдирилаётгандек хулоса қилган ҳолда дарров ўз реаксиясини билдирди. Бу масалани диққат эътиборимизда тутамиз, дегани ва Ўзбекистон томонидан тушунтириш талаб қилгани аслида худди биз айтган стратегик шерикчиликка зид ҳаракатдир”, деди сиёсатшунос Фарҳод Толипов.
“Нима бўлганда ҳам бу бизнинг ички ишларимиз ва бундай муаммоларимиздир қонунчилик асосида қабул қилинган меъёрлар асосида тартибга солинади, жавобгарлик белгиланади. Мария захарова эса мактабдаги ҳолатни боланинг тили билан боғлиқ ҳолатда кетиб чиқди, дея талқин қилиб, ўқитувчи жазоланишини талаб қилиб чиқди. Биринчи навбатда бизнинг қонунчилигимизда кимнингдир ташаббуси билан иш кўрилмайди. Чунки ўрнатилган маълум бир тартиб-қоида бор ва ички-ишларимизга аралашмаслик уларнинг ҳам Конституциясида белгиланган. Шундай экан Россия Ташқи ишлар вазири матбуот котибидан бизнинг ишларимизга аралашмасликни сўраб қоламиз”, деди бошқа бир сиёсатшунос Фарҳод Толипов.
Хўш, ўзи умуман Россия Ўзбекистонда бўлаётган воқеа ҳодисаларга нисбатан нега бунча таъсирчан бўлиб қолди? Нега Россия Федерацияси очиқдан-очиқ бошқа мамлакат ишларига аралашяпти ва ўзининг сиёсий статуси ҳақида бош қотирмаяпти?
“Яқинда Ўзбекистонга Германия концлери Олаф Шольц келганида ҳам Россия Ташқи ишлар вазири Лавров ҳам талабалар билан учрашиб Захаровадан ҳам ўтадиган гапларни айтганди. Гўёки Ўзбекистон Россиянинг губернияси, у мустақил давлат эмас, улар кимлар билан учрашадиган бўлса, олдин Москвадан рухсат сўраши кераклиги мазмунида гапирган эди. Ундан ташқари, Лавров мунтазам равишда Ўзбекистоннинг стратегик шерикларини “ўзларига оғдириб олишда” айблаб келади. Гўё улар билан ҳамкорлигимиз Россия билан алоқаларга путур етказадигандек, тушунарсиз, дипломатияга хос бўлмаган, рашкка ўхшаш гаплар гапириб келмоқда”, деди Шуҳрат Расул.
“Мария Захарованинг шундай чиқишлар қилиши биринчиси эмас. Олдин ҳам худди шундай нотўғри мазмунда баёнотлар берганида, тил масаласи кўтарилганда у бунга зудлик билан реакция билдириб, Ўзбекистонда рус тилига сиёсат ўзгаряпти, ёмонлашяпти, деган пала-партиш хулоса чиқарганида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири, ҳаттоки Президент Шавкат Мирзиёев томонидан ҳам унга жавоб қайтарилган эди. Бундай жавобларни унутган бўлиши мумкин эмас, аслида. Аммо барибир у бизга устозлик қилишни давом эттирмоқда”, деди Фарҳод Толипов.
Айни пайтда сайлов тарғиботи билан банд бўлган, доимий равишда Россия босимига қаршилик кўрсатгани учун аллақачон Россияда “русафоб” лақабини олишга улгурган “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий кенгаши раиси Алишер Қодиров Захарованинг Ўзбекистон ичидаги воқеага “бурун суқиши”ни ҳам жавобсиз қолдирмади.
Унинг айтишича, бола ҳуқуқи Ўзбекистон Республикасининг мактабида, Ўзбекистон фуқаросининг боласига нисбатан бузилган ва чораси ҳам Ўзбекистон халқи номидан қабул қилинган қонунлар асосида кўрилади.
“Бизни ички ишларимиз ҳақида бош қотиргунча муаммоларга тўла ўзларининг ишлари билан шуғулланишса тўғри бўлар эди. Текис жойда тўпалондан фойда чиқмаслигини тушуниб етишди, деган хулосага эртароқ шекилли”, деган Алишер Қодиров.
Шунингдек, Маънавият ва маърифат марказига раҳбари Отабек Ҳасанов ҳам Захаровага ички ишларимизга “бош суқмаслик”ни маслаҳат берди. Унинг айтишича, вазиятни мураккаблаштириш, ҳолатдан миллий низоларни уйғотишга урунаётганлар яна бир бор даврнинг ғоявий таҳликаларга тўлалигини эслатмоқда.
“Зеро, аввало, мустақил, ҳуқуқий-демократик, дунёвий давлатмиз. Ёши, миллати, дини, касбидан ва бошқа ҳолатидан қатъий назар қонун ҳаммани ҳимоя қилади, ҳуқуқларни бузганни жазолайди.
Мамлакатда катта-катта масалалар ҳам халқ билан бирлашиб, фикрлашиб ҳал қилиб келинмоқда. Мазкур вазият ҳам ўз ишимиз, ўз уйимизда бўлаётган ҳолат. Унга бошқаларнинг бош суқиши, ички ишларимизни ҳал қилишга урунишига асло ҳожат ҳам йўқ.
Бизнинг 130 дан ортиқ турли миллат ва элатлар билан ҳар доим, ҳозиргидек иноқ, тинч, бирлашиб бир Ўзбекистон бўлиб ҳаракат қилиш, мақсадларга етишда бу каби “фикр берувчи”, “йўл кўрсатувчи”ларга асло эҳтиёжимиз йўқ”, деди у.
Қолаверса, Ҳасанов зиёлиларни доимо бирлашиб, ўз фикр, қарашлари билан жамиятни тўғри йўлга бошлашларини сўраган.
Ўзбекистонда содир бўлган бу воқеа Россияда бунчалик алангаланиб кетишига сабаб, бу рус манбааларида ахборотнинг нохолис ёритилганидир.
Масалан, ўзини тарихчи дея таништирадиган, Россия Федерацияси Президенти ҳузуридаги миллатлараро муносабатлар бўйича комиссияси аъзоси,
“Тарихий хотира” жамғармаси директори, Россия Фанлар академиясининг Россия тарихи институти илмий ходими Александр Дюков Ўзбекистоннинг дўстона давлат эканига шубҳа билдирган ва унга қаттиқ виза режимини жорий этиш билан жавоб қайтариш кераклигини айтган.
“Дўстона” Ўзбекистоннинг воқелиги қуйидагича ва бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас – чунки бу мамлакат “титул”га тегишли деган фикр уларнинг бошига бир неча йиллардан бери болғача. Бу ғоя ҳақиқатга айланди ва уни тузатиш мумкин эмас - фақат энг қаттиқ виза режими ва молиявий инвестицияларни тўхтатиш билан тасдиқланади” деб ёзган у ўз саҳифасида.
Дарҳақиқат Россия Ўзбекистондаги ҳеч бир воқеани эътибордан четда қолдирмаяпти. Уларнинг назари ҳатто Ўзбекистон мактабларида ўқитилаётган тарих дарсликларигача тушган. Жорий йилнинг июль ойида бир қанча ўзбекистонлик тарихчилар мактаб дарсликларидаги собиқ Совет тарихи қисми хато ёзилгани, уни қайтадан ёзиш ва болаларга тўғри тарихни ўқитиш кераклиги ҳақида гапира бошлашди. Ўзбекистон олимларининг узоқ йиллик ўрганишларидан сўнг аниқ бўлган бу муаммо фуқароларга тарих тўғри сабоқлар чиқаришга ёрдам беришга хизмат қилиши айтилган.
Аммо бу воқеа ҳам негадир рус тарихчиларини чўчитиб юборди. Улар орадан кўп ўтмай Ўзбекистонга етиб келишди ва “тарихимиз умумий экани” ҳақида маъруза ўқиб кетишди. Ўзига даҳли бўлса-бўлмаса ҳадеганда Ўзбекистоннинг ички ишларига аралашаверадиган Россияда бошқа мамлакат фуқаролари ёки бошқа миллат вакиллари мунтазам таҳқирланиб келади. Бунга мисол тариқасида ҳар куни Россидаги муҳожирларнинг аҳволини тобора оғирлаштирувчи қонунларнинг кучга кириши, мунтазам рейрдлар ва улардаги чет эл фуқаролари, айниқса, ўзбеклар ва тожикларга нисбатан бўлаётган ишларни келтириш мумкин.
“Россия расмийларига бундан 4 ой олдин Екатеринбург шаҳрида чўнтакларида Ўзбекистон, қўшни Тожикистон паспортлари бўлган ватандошларимизни – 25 С совуқда 500 метрга қўлларини орқа қилиб, емаклатиб олиб борганини эслатиб қўймоқчиман. Ўша пайти негадир уларнинг “адолатпешалари” ҳеч қандай муносабат бермаган эди”, дея ўз фикрини давом эттирди Шуҳрат Расул.
Сўнгги икки ойда Россияда мигрантлар учун бир қанча таъқиқлар жорий этилиши ҳақида гапирилди. Масалан, мигрантларга 30 фоизгача даромад солиғи жорий қилиш, бир қанча ҳудудларда мигрантларга такси ҳайдаш, сотувчи бўлиб ишлаш, оила қуриш ва ажрашиш кабилар.
“Бу вазият бўйича Ўзбекистоннинг ўзида мана шу таҳқирланган 6-синф ўқувчисининг ота-онаси шикоят ёзгани, Болалар Омбудсманига ҳам мурожаат қилгани ва бу иш юзасидан тегишли тергов жараёни кетётгани аслида Ўзбекистоннининг ўзида ҳам бу вазиятга кўз юмилмаганидан далолат беради. Мавжуд вазият юзасида иш қўзғатилиб кўриб чиқиляпти. Ҳеч қайси ташқи давлат вакиллари аралашмаса ҳам бўлади. Юзлаб, минглаб ўзбек меҳнат муҳожирларимиз таҳқирланаётгани ҳақида кўплаб ҳабарлар эшитаяпмиз. Ташқи ишлар вазирлигимиз бу ҳолат юзасидан тушунтириш беришинини сўраб мурожаат қилса, ҳам бўлардику. Масалан, яқиндагина Ўзбекистондан борган меҳнат муҳожирларимиз аэрапортда қолиб кетганлиги, Россия ҳудудига киритилмаганлиги, аэрапорт ҳудудида неча кун яшаётганлиги, ундан ташқари Россия ҳудудида яшаётган фуқароларимизнинг камситилаётгани ҳақида минглаб ҳабарларни эшитамиз. Агар муносабат билдиришини сўраганимизда Мария Заҳарова нима деб изоҳ берган бўларди?” деган саволни ўртага ташламоқда халқаро муносабатлар бўйича мутахассис, сиёсатшунос Фарҳод Толипов.
Одатда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги бундай вазиятда вазминлик билан муносабатда бўлади ва кескин ҳаракатлар содир этмайди. Кўплаб ўзбек ўғлонлари турли баҳоналар билан Россияда қамалиб кетаётган бўлса ҳам, у ердан уруш майдонларига жўнатилса ҳам, ҳатто ўша урушдан фуқароларининг ўлиги келса ҳам бирон марта Захаровадек қаттиқ "дакки беришга" интилмади.
“Бундай ҳолатни қўрқоқликка ёки жавоб қайтаришдан қочишга ёйиш керак эмас. Биз ҳам 37-40 миллионга яқинлашаётган давлатмиз. Ўрни келганда ўзимизнинг мустақиллигимизни, ўз муаммоларимизни ўзимиз сақлаб, ўзимиз ҳал қилиб ололамиз. Бундай ҳолатларни сиёсийлаштириш, ёки ичкарида ўзлари амаолга оширмоқчи бўлган ишларини шгу баҳона билан амалга ошириб олиш керак эмас. Яъни мигрантларга бўладиган қўшимча талаблар қўйишлари керк эмас”, деди Фарҳод Каримов.
“Албатта, бундай ҳолатлардан, бир давлатнинг , бизнинг мисолимизда Россия Федерацияси Ташқи Ишлар вазирлигининг матбуот котиби бошқа давлат, яни Ўзбекистон суверен - мустақил давлатнинг ички ишларига аралашаётган экан, Ўзбекистонда бўлаётган кичкинагина ҳодисага Катта бир давлат ўз муносабатини билдираётган экан , бўрттириб сиёсийлаштирган ҳолда бутун дунёга овоза қилгандай Ўзбекистон Ташқи Ишлар вазирлиги ҳам бунга жавоб қайтариши мумкин деб ўйлайман ва аввало шу жавобида Заҳаровага қарата Ўзбекистоннинг ички ишларига ҳам аралашмаслиги тўғрисида ҳам огоҳлантирувчи гапларни айтса мақсадга мувофиқ бўлади ва мана шу жавобда олдинги ҳолатларда ҳам Мария Заҳарова шундай қалтис гапларни гапирганлигини эслатиб бундай аралашувларни такрорламаслиги ҳақида ҳатто талабларни қўйса ҳам мақсадга мувофиқ бўлади.Ўшанда Ўзбекистон ўзининг мустақиллигини яна бир бор кўрсатган, қатъиятини намойиш этган бўлади”, деди Фарҳод Толипов.
Социолог Шуҳрат Расул ҳам Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Захаровага муносиб жавоб қайтариши керак деб ҳисоблайди.
Мутахассисларнинг маълум қилишича, Ўзбекистон дўстона давлат статусига ҳеч қачон ҳиёнат қилмаган. Доим ўзга давлат фуқаролари ва ўзга миллат вакилларига ҳурматда бўлган. Буни Россияда мобилизация кузатилган пайти минглаб россияликлар Ўзбекистонга келишга мажбур бўлганида уларга нисбатан ҳеч қандай таъқиқнинг жорий этилмагани, уларга қучоқ очилгани исботлайди, деяди сиёсатшунослар.
LiveБарчаси