Россия ўзбекистонликларни 3 йўл билан урушга тортмоқда
Олам
−
23 Сентябрь 2022
64008Россияда қисман сафарбарлик эълон қилинишидан олдин ҳам бир неча ой давомида тизимли равишда нафақат россияликларни, балки бошқа давлат фуқороларини, ўзбекистонликларни ва қамоқдаги маҳбусларни ҳам Украинадаги ҳарбий можороларга жалб қилиш ишлари олиб борилган. Бу ҳақда Россиядаги ўзбек мигрантлари билан доимий ишлаб келувчи мутахассис, ҳуқуқшунос Ботиржон Шермуҳаммад QALAMPIR.UZ сайтига берган интервьюсида маълум қилди.
Унинг айтишича, Россия ўзбекларни уч хил усул билан тузоққа туширмоқда ва урушга жўнатмоқда.
“Биринчидан, Россия турмаларида сақланаётган чет эл фуқароларига, ўзбекларга ҳам катта ваъдалар берилмоқда. Юқори пул таклифи, 6 ойдан кейин афв қилиш.
Шунингдек, Россия ўз фуқаролигига қабул қилиш қоидаларини кескин осонлаштирмоқда. Бир йил хизмат учун фуқаролик берилмоқда. Бу олдинлари айнан Ўзбекистон фуқаролари учун жуда қийин эди. Фуқаролик олиш ниятида юрган ўзбеклар бу “имконият”дан фойдаланиб қолиши мумкин.
Иккинчидан, кўплаб ўзбек муҳожирлари Россияда ноқонуний, қонунчилик бўйича керакли ҳужжатларсиз ишлаб келади. Уларни эса исталган вақти Россия ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари қўлга олиши, депортация билан қўрқитиб, урушга жўнатиб юбориши мумкин. Бунга Украинада қўлга тушган икки ўзбекнинг бири мисол бўла олади. Депорт бўлиш эса уларнинг оиласини боқишда танг аҳволга солиб қўйиши мумкин.
Учинчидан, Россия “пропаганда”си ҳеч қачон урушда ким ютмоқда, “махсус операция” қандай кечаётгани борасидаги аниқ картинани кўрсатгани йўқ. Шу сабабли кўплаб фуқаролар урушда Россия ғолиб бўлмоқда, деган фикрда. Оқибатда, ўзбек фуқаролари ҳам рус “пропаганда”сига алданиб қолиши мумкин”.
Ботир Шермуҳаммадга кўра, энг ёмони, бундай жалб қилишларга қарши Ўзбекистон ҳали аниқ бир амалий ишлар қилгани йўқ.
“Фақатгина Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги берган бир нечта огоҳлантиришни ҳисобга олмаса, Ўзбекистон ҳукумати ўзининг урушга бўлган муносабати, Ўзбекистон фуқароларининг жалб қилинишига, ёлланишига бўлган муносабатини аниқ эълон қилгани йўқ”, дейди мутахассис.
Мигрантлар масалалари бўйича эксперт ва ҳуқуқшунос Ботир Шермуҳаммад билан тўлиқ видеоинтервьюни QALAMPIR.UZ'нинг YouTube каналида томоша қилишингиз мумкин.
Эслатиб ўтамиз, 21 сентябрь куни Президент Владимир Путин Россияда қисман сафарбарлик тўғрисидаги фармонни имзолади, унга кўра биринчи босқичда 300 минг Россия фуқароси фронтга юборилади.
Сафарбарликка оид қарор қабул қилиниши ортидан Россия Президенти ҳузуридаги Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш аъзоси Кирил Кабанов Россия Федерациясининг 10 йилдан кам муддатга Россия фуқаролигига эга бўлган янги фуқаролари – Марказий Осиё мамлакатлари фуқаролари учун бир йил давомида мажбурий ҳарбий хизматни ўташ бўйича таклифлар тайёрланаётганини айтиб чиқди. Бу Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистондан кўчиб ўтган фуқароларга тааллуқли.
LiveБарчаси