Россия Ўзбекистонга газ етказиб бериш ҳажмини ошириши кутилмоқда
Жамият
−
10 июл 2286 3 дақиқа
Россиянинг Ўзбекистонга қувур орқали газ етказиб бериш ҳажми 2025 йилдаги 7 миллиард куб метрдан 2026 йилда 10 миллиард куб метрдан сал кўпроққача ошиши кутилмоқда. Бу ҳақда Халқаро энергетика агентлигининг (IEA) жорий йилнинг 3-чораги учун эълон қилган Газ бозори ҳисоботида сўз боради.
Қайд этилишича, Россиянинг Европа Иттифоқига қувурлар орқали газ экспорти 2026 йилнинг биринчи ярмида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 5 фоизга (ёки 0,4 миллиард куб метрга) ошган. Айни пайтда Туркияга етказиб бериш ҳажми жорий йилнинг дастлабки беш ойида ўтган йилга нисбатан 4 фоизга (ёки 0,4 миллиард куб метрга) камайган. Россиянинг “Сибир қуввати” қувур тизими орқали Хитойга газ экспорти ўтган йилги даражага нисбатан бироз ошгани кузатилмоқда.
Бундан ташқари, Россия “Марказий Осиё – Марказ” қувур тизими орқали Қозоғистон ҳудудидан Ўзбекистонга қувур орқали газ етказиб беришни кўпайтиришда давом этмоқда. Россиянинг Ўзбекистонга қувур орқали газ етказиб бериш ҳажми 2025 йилдаги 7 миллиард куб метрдан 2026 йилда 10 миллиард куб метрдан сал кўпроққача ошиши кутилмоқда.
Россиянинг суюлтирилган табиий газ (СТГ) экспорти 2026 йилнинг биринчи ярмида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 8 фоизга (ёки 2 миллиард куб метрга) ошган. Бу ўсиш асосан Европа бозорларига газ етказиб беришнинг кучайгани (ўтган йилга нисбатан 18 фоизга ўсиш) ҳисобига содир бўлган. Европа Иттифоқида REPowerEU регламенти кучга кирмоқда. Унга кўра, Россиядан қисқа муддатли СТГ импорти 25 апрелдан, қувур орқали газ импорти эса 17 июндан бошлаб тақиқланган. Бу омил 2026 йилнинг иккинчи ярмида Россиянинг Европа Иттифоқига табиий газ экспортига салбий таъсир кўрсатиши кутилмоқда.
Марказий Осиё мамлакатларида табиий газ қазиб олиш кўрсаткичлари турлича кўриниш олган. Туркманистонда табиий газ қазиб олиш ҳажми деярли ўзгаришсиз қолган.
“Бундан фарқли ўлароқ, Ўзбекистонда табиий газ қазиб олиш ҳажми 2026 йилнинг дастлабки беш ойида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 14 фоизга (ёки 2,6 миллиард куб метрга) камайди”, дейилади ҳисоботда.
Қозоғистонда эса худди шу даврда сотиладиган газ ишлаб чиқариш ҳажми тахминан 8 фоизга (ёки 1 миллиард куб метрдан кўпроққа) камайган. Озарбайжонда 2026 йилнинг дастлабки беш ойида сотиладиган газ ишлаб чиқариш ўтган йилги даражага яқин бўлган. Мамлакатнинг қувур орқали газ экспорти эса ушбу давр мобайнида деярли ўзгаришсиз қолган.
Ушбу прогнозга кўра, Евароосиёда газ қазиб олиш ҳажми 2026 йилда 2 фоизга ошиши кутилмоқда. Шунга қарамай, бу кўрсаткич 2021 йилдаги даражадан 19 фоизга пастлигича қолмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистон Россия газини Ўзбекистонга транзит қилиш бўйича қўшимча ҳажмни таъминлашга тайёр экани ва томонлар етказиб бериш ҳажмини сезиларли даражада ошириш бўйича келишув олиб бораётгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси