Россия урушни яна давом эттиришини эълон қилди
Олам
−
31 Август 11424
Россия ўзининг Украинада олиб бораётган ва “махсус ҳарбий операция” дея атаётган урушини яна давом эттиради. Бу ҳақда Россия Қуролли кучлари Бош штаби бошлиғи, армия генерали Валерий Герасимов кеча, 30 август куни маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, 2025 йилнинг март ойидан бери Россия қўшинлари 149 та аҳоли пункти ва 3,5 минг квадрат километрдан ортиқ Украина ҳудудини эгаллаб олган.
Герасимовнинг Россия Мудофаа вазирлигининг расмий Telegram-каналида эълон қилинган баёнотига кўра, Россия армияси Луганск вилоятининг 99,7 фоизини ва Донецк вилоятининг 79 фоизини, шунингдек, Запорожье вилоятининг 74 фоизини ва Херсон вилоятининг 76 фоизини эгаллаб олган.
Россия Бош штаби раҳбарининг сўзларига кўра, баҳор-ёз ойларида Россия Қуролли кучлари Украинадаги 76 та стратегик объектга, жумладан, ракета тизимлари ва узоқ масофали дронлар ишлаб чиқарувчи корхоналарга зарба берган. Герасимов, шунингдек, Россия армиясининг топшириқларини бажариши ҳужум операциялари билан давом этишини айтди.
Валерий Герасимов 28 август куни беш қаватли турар-жой биноси вайрон бўлган ва 25 кишининг ҳаётига зомин бўлган Россиянинг Киевга берган зарбасини алоҳида тилга олди. Герасимовнинг сўзларига кўра, ўша куни рус қўшинлари Украинанинг ракета ва авиация саноати корхоналари, жумладан, “Спецоборонмаш” ва Киев радиозаводига зарба берган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украина Президенти Владимир Зеленский Россия Президентлар даражасидаги учрашувга тайёргарлик учун ажратилган вақтни янги кенг кўламли ҳужумларга тайёргарлик кўришга сарфлаётганини айтганди.
Live
Барчаси16 Ноябрь