Зеленский Россия музокаралар учун берилган вақтни нимага сарфлаётганини айтди

Олам

image

Россия Президентлар даражасидаги учрашувга тайёргарлик учун ажратилган вақтни янги кенг кўламли ҳужумларга тайёргарлик кўришга сарфламоқда. Бу ҳақда Украина Президенти Владимир Зеленский бугун, 30 август куни Telegram-каналида ёзиб қолдирди. 

Давлат раҳбарининг иддао қилишича, Россия яна бир бор ҳеч кимнинг сўзига эътибор бермаслигини кўрсатмоқда. У, шунингдек, уруш қоғоздаги баёнотлар билан тўхтамаслигини, бунинг учун аниқ ва фойда берадиган чоралар зарурлигини билдирган. У АҚШ, Европа ва бутун дунёдан амалий ҳаракатларни кутаётганини айтган. 

Зеленскийнинг сўзларига кўра, урушни дипломатик йўл билан тугатишнинг ягона йўли – Россия армиясини молиялаштираётганларга қарши қаттиқ иқтисодий чоралар кўриш ва Москвага нисбатан самарали банк-молия ҳамда энергетика санкциялари қўллаш саналади.

Зеленскийнинг айтгани каби Россия қўшинлари қайта-қайта Украина ҳудудларига зарба йўлламоқда. Мисол учун, 30 августга ўтар кечаси Украинага дронлар ва ракеталар билан ҳужум уюштирди. Ҳудудий ҳокимиятларнинг хабар беришича, кўплаб вилоятларда ҳаво ҳужуми хавфи эълон қилинган. Бунинг ортидан эса маҳаллий фуқаролар вафот этган ва кўпчилик жароҳатланган. Қолаверса, ушбу ҳужум мамлакатдаги уйсизлар сонининг ўсиши учун “беминнат ҳиссаси”ни қўшган. 

Украина Қуролли кучларининг маълумотига кўра, Россия бир кечада жами 600 га яқин ҳаво ҳужум воситасидан фойдаланган. Шулардан 537 таси дрон, 8 та баллистик ракета ва 37 та турли турдаги қанотли ракеталар бўлган. Украина ҳаво мудофааси 510 та дрон, 6 та баллистик ва 32 та қанотли ракетани уриб туширган. Шунга қарамай, 5 та ракета ва 24 та зарба берувчи дрон нишонга етиб борган, айрим жойларга уларнинг парчалари тушган.

Бундан икки кун олдин эса Россиянинг Киевга қилган ҳужуми оқибатида 22 киши ҳалок бўлган, улар орасида 2 ёшли чақалоқ ва уч нафар ўсмир ҳам бор эди. Қурбонлар сони ортган, 29 август куни Киевда мотам куни деб эълон қилинган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украина Президенти Владимир Зеленский Россия томони учрашувлар ва келгусидаги музокаралар юзасидан салбий сигналлар бераётганини айтганди. Зеленский Россия ҳужумлари оқибатида Украина шаҳарлари ва қишлоқларида қурбонлар тинимсиз кўпаётганини таъкидлаган. Зеленскийнинг фикрича, Москванинг бу қадамларига Ғарб давлатлари кучлироқ санкциялар билан жавоб қайтариши лозим.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Европа Владимир Зеленский

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг