Россия Украинанинг учта вилоятига ҳужум қилишга тайёрланмоқда – Зеленский
Олам
−
28 Март
12343Россия Суми, Харьков ва Запорожье вилоятларида янги ҳужумларга тайёргарлик кўрмоқда. Бу ҳақда кеча, 27 март куни Парижда бўлиб ўтган “кўнгиллилар коалицияси” саммити чоғида Украина разведкаси маълумотларига таяниб, Президент Владимир Зеленский сўз очди.
Зеленский Россия урушни давом эттиришни хоҳлашини таъкидлади ва Европа етакчиларини санкциялар босимини пасайтирмасликка чақирди.
Украина Президентининг сўзларига кўра, Москва вақт ўтказиб, сўнг Украинанинг янги ҳудудларини қўлга киритиш учун АҚШни “чексиз муҳокамалар”га тортмоқчи.
“Россияга қарши санкцияларни ҳозир бекор қилиш дипломатия учун фалокат бўларди. Санкциялар дунё Россияни жиддий музокараларга ундаши керак бўлган саноқли воситалардан бири”, деди Зеленский.
Қайд этиш жоиз, аввалроқ Россия АҚШ билан Украинада қисман ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувлар фонида Ғарбнинг айрим санкцияларини бекор қилишни талаб қилган эди.
“Путин ҳудудлар бўйича музокараларни куч-қудрат позициясидан олиб чиқмоқчи. У фақат уруш ҳақида ўйлайди”, дея таъкидлади Украина Президенти.
У саммит иштирокчиларини ўз мамлакатига ҳарбий ёрдамни давом эттиришга, шунингдек, Украина мудофаа саноатига сармояларни ва бу соҳадаги қўшма лойиҳалар сонини кўпайтиришга чақирди.
“Украинада мудофаа саноатимиз учун қарийб 20 миллиард евро етарлича маблағ ажратилмаган. Биз бу камомадни Россия активлари ҳисобидан қоплаш мумкинлигига ишонамиз. Ва буни қилиш керак”, деди Зеленский.
Украина Президенти, шунингдек, иттифоқчиларни мамлакатда тинчликпарвар кучларни жойлаштириш бўйича ягона режани ишлаб чиқишга чақирди ва бир қатор саволларни кўтарди:
“Украинада қуруқликда, осмонда ва денгизда қайси давлатлар жалб қилинади? Бу кучлар айнан қаерда жойлашади? Бу кучларнинг ҳажми ва тузилиши қандай бўлади? Ва бизнинг коалициямиз Украинага кучларини қачон жойлаштиради – сулҳ қачон бошланади ёки уруш тўлиқ тугайди ва келишувга эришилади?”
Маълумот учун, Франция Президенти Эммануэль Макрон таклифи билан Париждаги Елисей саройида бўлиб ўтган саммитда 31 давлат раҳбарлари, шунингдек, НАТО Бош котиби Марк Рютте ва Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен иштирок этди. Уч соатдан ортиқ давом этган маслаҳатлашувлар давомида Киев ва Москва ўртасида ўт очишни тўхтатган тақдирда Украина учун хавфсизлик кафолатлари муҳокама қилинди.
Бу АҚШ Президенти Дональд Трамп маъмурияти ва Россия ўртасидаги яқинлашув фонида Макрон ва Буюк Британия Бош вазири Кир Стармер ташаббуси билан ташкил этилган ушбу форматдаги учинчи учрашувдир.
LiveБарчаси