Россия Украинага 85 та ракета ёғдирди. Мамлакатда 10 миллион аҳоли “свет”сиз қолмоқда

Олам 7087
image

Россия томонидан амалга оширилган йирик ракета зарбалари туфайли Украинанинг ўн миллионга яқин фуқароси электр таъминотисиз қолди. Бу ҳақда Украина етакчиси Владимир Зеленский айтиб ўтди. 

Зеленскийга кўар, 15 ноябрь куни Россия Украинага 85 та ракета учирган. 

“Мамлакатимизнинг кўплаб шаҳар ва туманларида электр қуввати яна фавқулодда ўчирилди. Ўн миллионга яқин украиналиклар электр энергиясидан маҳрум, айниқса, Харьков, Житомир, Киев ва Львов вилоятларида”, дейди Украина Президенти ўзининг Telegram-блогида. 

15 ноябрь куни кечқурун, Москва вақти билан соат 17:00 атрофида Россия армияси Украинанинг энергетика тизимига янги кенг кўламли ҳужумни бошлади. Ҳужумлар Киевда, шунингдек, Харьков,  Львов, Житомир, Хмельницкий, Ровно, Суми ва бошқа вилоятларда содир этилган. Бутун мамлакат бўйлаб электр энергияси узилиши бошланди. 

Украина энергетика вазири Герман Галушенко мамлакат энергетика объектларининг бу ўққа тутилишини Россия қуролли босқини бошланганидан бери энг каттаси деб атади. Унга кўра, ишлаб чиқариш объектлари ҳам, электр узатиш тизими ҳам зарар кўрган. 

Зеленский идораси раҳбари ўринбосари Кирило Тимошенко ҳозирги вазиятни оғир деб атади.

Давлат раҳбари фуқароларни хавфсизлик чораларига риоя қилишга, бир муддат бошпаналарда қолишга чақирди. 

“Душман нимани хоҳлаётгани аниқ. У мақсадига эриша олмайди”, дейди Президент.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 15 ноябрь куни тушдан кейин Россия армияси Украинага йирик ракета ҳужуми уюштирган пайтда Польша ҳудудига иккита ракета тушди. Ракеталар Украина билан чегарадан беш километр узоқликда жойлашган Люблин воеводалиги (Польшадаги энг йирик маъмурий бирлик)нинг Пшеводув қишлоғи ҳудудига тушган. Ҳодиса оқибатида портлаш юз берган, икки киши қурбон бўлган. 

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 205
Рейтинг: 3
t
×