Россия Украинадаги шифохонага ракета билан ҳужум қилди (видео)

Олам

image

Украинанинг Днепр шаҳрига қилинган ракета ҳужуми вақтида шифохонага снаряд келиб урилди. Мамлакат Президенти Владимир Зеленский ҳодиса тасвирларини ўзининг Telegram каналига жойлаштирди.

Вилоят губернатори Сергей Лисакнинг хабар беришича, ҳозиргача 2 кишининг ҳалок бўлгани ва яна 23 киши жароҳат олгани аниқланган. Қутқарувчилар ҳалок бўлганлардан бирини ракета зарбаси оқибатида қулаган бинонинг харобалари остидан олиб чиққан.

“Ҳудудда ҳодиса оқибатларини бартараф этиш ва жабрланганларга ёрдам бериш давом этмоқда. Барча керакли хизматлар жалб қилинди”, деб ёзади Владимир Зеленский.

Давлат раҳбари ушбу ҳужумни “инсониятга қарши жиноят” деб атаган.

“Фақат ёвуз давлатгина тиббиёт муассасаларига қарши курашади. Бунда ҳеч қандай ҳарбий мақсад бўлиши мумкин эмас. Бу ҳақиқий рус террори”, дейди Украина Президенти.

Украина Мудофаа вазирлиги ҳам шифохонага қилинган ҳужумни қоралаб, Женева конвенциясига кўра бу ҳаракат ҳарбий жиноят деб ҳисобланишини маълум қилган.

Россия ҳарбийларининг уруш давомида фуқаролик инфратузилмасига зарба бериши тез-тез кузатилади. Масалан, шу йилнинг март ойи охирида Запарожьедаги тўққиз қаватли турар жой биносига ракета урилиши оқибатида 25 киши жароҳат олган. Январь ойида эса Днепрдаги тўққиз қаватли уйга берилган зарбада 20 киши ҳалок бўлган. Россия бўлинмалари ўтган йилнинг сентябрь ойида Запарожьедаги гуманитар карвонга ҳам ҳужум қилган. Ўшанда 23 киши ракета зарбаси қурбони бўлган, яна 28 киши яраланганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия ракета ҳужуми шифохона

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг