Россия-Украина уруши тубсизликка элтадиган йўлдир – Тўқаев
Олам
−
17 Октябрь
3924Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Россия-Украина можаросини тинч йўл билан ҳал қилиш зарурлигини ва бу уруш тубсизликка элтувчи йўл эканини таъкидлади. Бу ҳақда у Остонада ўтаётган “Astana Think Tank Forum”ининг ялпи мажлисида сўз очди.
Қайд этилишича, Президент ўз нутқи аввалида ушбу халқаро форум остида ташкил этилган мулоқот майдончаси энг долзарб глобал ва минтақавий муаммолар бўйича ғоялар алмашиш учун хизмат қилишини таъкидлаган. Шунингдек, Тўқаев Қозоғистон БМТ Хавфсизлик Кенгашида ҳамда бошқа халқаро майдонларда ўрта давлатлар овозини ҳимоя қилишда давом этишини маълум қилган.
“Биз янада инклюзив ва барқарор халқаро тизимни кўришни истаймиз. Давлатлар уларнинг катталигидан қатъи назар, яхшироқ дунё барпо этишга ўз ҳиссасини қўша олишлари керак. Қозоғистон бундан кейин ҳам халқаро майдонда фаол роль ўйнашни изчил давом эттиради. Биз дипломатия, иқтисодий ҳамкорлик ва кўп томонлама бошқарув чорраҳасида жойлашганмиз. Бизнинг таъсиримиз туфайли, ҳамкорларимиз билан биргаликда келажакдаги дунёни шакллантиришда муҳим роль ўйнаймиз. Биз ўзгараётган халқаро тартибда томошабин бўлишни истамаймиз, аксинча, янада мувозанатли, адолатли ва барқарор глобал тизим меъморлари бўлишга интиламиз", деди Президент.
Бундан ташқари, у Россия-Украина можаросини ҳал қилиш бўйича фикрини ҳам билдирган. Жумладан, Тўқаев Германия канцлери Олаф Шольц билан музокаралар давомида Россия ҳарбий жиҳатдан енгилмас давлат эканини таъкидлаганини эслаб, Россиянинг ҳарбий салоҳияти, Президент Путин сиёсатини мамлакат аҳолиси қўллаб-қувватлаётганини қайд этган.
“Шу сабабли биз тинчлик йўлларини излашни зарур деб ҳисоблаймиз ҳамда Хитой ва Бразилия каби барча давлатларнинг реалистик режаларини қўллаб-қувватлаймиз. Бошқа йўл йўқ. Муқобил йўл – ўзаро қирғин уруши. Балки баъзи глобал кучлар бундан манфаатдор бўлиши мумкин, аммо бу тубсизликка элтадиган йўлдир. Конструктив музокаралар орқали тинчликка интилиш – бу кучсизлик белгиси эмас, балки стратегик эҳтиёткорликнинг намунаси”, дейди Тўқаев.
Эслатиб ўтамиз, сентябрь ойида Германия Федерал канцлери Олаф Шольц Қозоғистонга расмий ташриф билан келган эди. Унда Тўқаев меҳмон илтимосига биноан Украина атрофидаги вазиятни ҳал қилиш ҳақида гапириб, Россияни ҳарбий жиҳатдан енгилмас деб атаганди.
LiveБарчаси