Россия Украина масаласини 2026 йилгача ҳал қилмоқчи – разведка
Олам
−
27 Март
5000Россия АҚШ ва Хитой даражасига етиб олиш учун Украинадаги урушни 2026 йилгача ҳал қилишни мўлжаллаган. Умуман олганда эса Москва 2045 йилгача бўлиши мумкин бўлган 15 та ҳарбий можаро сценарийсини ишлаб чиққан. Бу ҳақда Украина Мудофаа вазирлиги Бош разведка бошқармаси вакили Вадим Скибицкий “Европа хавфсизлигининг янги контурлари” мавзусидаги давра суҳбатида маълум қилди.
Украина разведкаси вакилининг таъкидлашича, Кремль 2045 йилгача бўлиши мумкин бўлган 15 та ҳарбий можаро сценарийсини ишлаб чиққан, улардан олтитаси тўғридан тўғри Шимолий Европа билан боғлиқ. Унинг фикрича, барчага Россия томонидан таҳдид борлиги аён.
“Шимолий Европа тушунмоқда, Болтиқбўйи давлатлари тушунмоқда, Польша тушунмоқда. Польша учун тўртта ҳарбий можаро сценарийси мавжуд. Польша ҳозир бу тўғридан тўғри таҳдид эканини англамоқда”, деди у.
Скибицкийнинг сўзларига кўра, Россия 2026-2035 йиллар учун геосиёсий прогноз яратган ва унинг оқибатлари 2045 йилгача баҳоланган. Унга кўра, тегишли ҳужжатларда “Украина масаласи” 2026 йилгача ҳал этилиши шартлиги белгиланган.
“Чунки агар уруш яна 5-10 йил давом этса, Россия ҳеч қачон АҚШ ҳамда Хитой билан бир даражага чиқа олмайди”, дея қўшимча қилган Скибицкий.
Скибицкийга кўра, Украина Европа хавфсизлик тизимини қайта ташкил этишнинг янги ёндашувларида муҳим роль ўйнамоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Президенти Дональд Трамп “Newsmax” медиа компаниясига берган интервьюсида Россия Украина билан сулҳ битимини имзолашни атайлаб кечиктираётганини айтган эди.
LiveБарчаси