Россия Украина билан маҳбуслар алмашишга тайёрлигини билдирди
Олам
−
09:10
855Россия Украина билан 630 нафар ҳарбий асирни алмашишга ва кейинги алмашувларни бошлашга тайёрлигини маълум қилди. Бу ҳақда Россия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мария Захарова хабар берди.
“Ҳозирги рўйхатга 630 нафар украиналик ҳарбий асир киритилган бўлиб, Россия уларни паритет шартларда дарҳол Киевга топширишга тайёр. Москва россиялик ҳарбийлардан қайси бирини алмашишни Украина ихтиёрига ҳавола қилади”, дейди у.
Вазирлик вакили яна бир бор Украина томонининг позициясини танқид қилиб, Киев ўз ватанига қайтган ходимларни, Еленовкадаги тергов изоляторига ҳужум вақтида ёки Ил-76 ҳалокатида ҳалок бўлганларни топширишни сўраётганини маълум қилди.
Захарова ноябрь ойи бошида Киевга 935 нафар украиналик ҳарбий асирни топшириш таклифини эълон қилган эди.
Томонлар ўртасида ҳарбий асирларнинг сўнгги алмашинуви 18 октябрь куни “95 га 95” форматида бўлиб ўтди. БАА воситачи сифатида иштирок этди.
“2022 йилдан 2024 йилнинг ҳозирги муддатига қадар 45 та асирлар алмашинуви амалга оширилди, ҳар икки томондан 3 мингга яқин ҳарбий хизматчи ўз ватанларига қайтди”, дейди Захарова қўшимча қилиб.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Украина бўйлаб дрон ҳужумлари уюштирганди. Дастлабки маълумотларга кўра, нотураржой инфратузилмаси объектига шикаст етган, бир жабрланувчи топилиб, пойтахтдаги тиббиёт муассасасига ётқизилган.
Шу билан бирга, Украина ҳарбий-ҳаво кучлари тун бўйи дрон ҳужумлари хавфи ҳақида, хусусан, Киев, Полтава ва Черкас вилоятлари ҳамда мамлакат шимоли-шарқида огоҳлантирган.