Россия тўрт нафар австриялик дипломатни чиқариб юборди
Олам
−
16 Февраль 2023
4562Россия жавоб тариқасида тўрт нафар австриялик дипломатни “персона нон грата” деб эълон қилди, уларга жорий йилнинг 23 февраль куни кун охиригача мамлакатни тарк этишга буйруқ берилди. Бу ҳақда бугун, 16 февраль куни Россия Ташқи ишлар вазирлиги тарқатган хабарда айтилади.
Вазирликнинг билдиришича, Австриянинг Москвадаги элчиси Вернер Альмхофер бугун Россия Ташқи ишлар вазирлигига чақирилган ва у ерда 4 нафар россиялик дипломатнинг чиқариб юборилиши муносабати билан унга кескин норозилик билдирилган.
“Жавоб сифатида Австрия Республикасининг Россия Федерациясидаги элчихонасининг тўрт нафар ходими “персона нон грата” деб эълон қилинди. Улар 2023 йил 23 февраль куни охиригача мамлакатни тарк этишлари керак. Элчига тегишли ҳужжат топширилди”, дейилади хабарда.
Россия Ташқи ишлар вазирлиги Австриянинг дўстона ва асоссиз қадами Австрия томонининг ҳаракатлари туфайли инқирозга учраган икки томонлама муносабатларга, шунингдек, авваллари холис, бетараф давлат ва халқаро дипломатия платформаси сифатида намоён бўлган мамлакатнинг халқаро нуфузига жиддий зарар етказаётганини билдирган.
Россия Ташқи ишлар вазирлиги, шунингдек, Австрия элчисининг эътиборини Россия делегациялари учун виза беришдаги қийинчиликларга қаратди.
“Элчининг эътибори, шунингдек, кўп томонлама тадбирларда иштирок этиш учун Вена шаҳрига борадиган Россия расмий делегациялари учун виза олишда юзага келаётган қийинчиликларга қаратилди. Бу Австриянинг халқаро учрашувлар ўтказиладиган жой сифатидаги мажбуриятларига зиддир. Бу ҳолат ҳам оқибатларсиз қолмайди”, дейди вазирлик.
Жорий йилнинг 2 февраль куни Австрия Ташқи ишлар вазирлиги республика ҳудудида аккредитациядан ўтган тўрт нафар россиялик дипломат “персона нон грата” деб эълон қилинганини маълум қилди. Австрия дипломатик департаментининг даъво қилишича, Россия элчихонасининг икки дипломати ўзларининг дипломатик мақомларига тўғри келмайдиган хатти-ҳаракатларга йўл қўйган, бундан ташқари, Россиянинг БМТдаги доимий ваколатхонаси вакилларидан икки дипломат штаб-квартира келишувига мос келмайдиган ҳаракатлар қилган.
LiveБарчаси