Россия Туркий давлатлар ташкилотига қўшиладими?
Олам
−
02 Декабрь 2021
9144Кўплаб туркий халқлар яшаб, истиқомат қилиб келаётган Россия Туркий давлатлар ташкилотига аъзо бўлиши мумкинми? Шу кунларда халқаро ҳамжамият ва ОАВда кўтарилаётган ушбу долзарб саволга Туркий давлатлар ташкилоти Бош котиби Бағдод Амриев Қозоғистоннинг “Exclusive” нашри мухбири билан суҳбатда жавоб берди.
“Дунёда туркий халқлар истиқомат қиладиган давлатлар жуда кўп: Россия, Хитой, Эрон, Афғонистон, Европа ва АҚШ. Табиийки, биз биродарларимиз тақдирига бефарқ эмасмиз. Бироқ давлатлараро бирлашма сифатида биз фақат давлатлар ва марказий ҳукуматлар билан ишлай оламиз ва ички ишларга аралашишда айбланмаслик учун туркийзабон жамоалар билан бевосита ҳамкорлик қила олмаймиз.
Туркий озчиликлар билан алоқаларни ўрнатиш ва ривожлантириш, туркий халқларнинг маданий меросини, илм-фан, таълим ва тарихини тарғиб қилиш ва оммалаштириш бўйича фаолият олиб бораётган ТУРКСОЙ ва Туркий Академия каби ташкилотларимиз мавжуд.
Россияга келсак, амалдаги Кузатувчилар тўғрисидаги Низом унга ҳам тегишли. Шу билан бирга, биз Россия билан ҳам, бошқа дўст давлатлар билан ҳам шериклик учун очиқмиз.
Бундай савол туғилганда, мен доимо Ташкилотимизга аъзо давлатлар Россия учун энг дўстона ва яқин давлатлар эканлигини эслатиб тураман. Дунёда Россияга Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Ўзбекистон, ҳатто Туркиядан яқин ва дўст давлат бўлмаса керак. Бундан ташқари, Россия билан муносабатларимизнинг барча эҳтиёжлари аллақачон мавжуд бўлган жуда кўп икки томонлама шартномалар билан мустаҳкамланган”, дейди Амриев.
Мавжуд тартибга кўра, Туркий давлатлар ташкилотида кузатувчи бўлиш истагини билдирган давлатларда конституциявий ва миллий даражада туркий тиллардан бири бутун ҳудудида давлат ёки расмий тил бўлиши керак. Шунингдек, кузатувчи давлатлар сони аъзо давлатларникидан ошиб кетмаслиги ҳам белгиланган.
Амриевга кўра, бугунги кунда Осиё, Европа ва ҳатто, Лотин Америкасидан 15 та мамлакат ташкилотда кузатувчи мақомини олиш учун мурожаат қилган.
Маълумот ўрнида, Туркий давлатлар ҳамкорлик кенгашига 2009 йилда Нахичеван битими билан Қозоғистон, Озарбайжон, Туркия ва Қирғизистон бошчилигида асос солинди. Ўзбекистон орадан 10 йил ўтиб, 2019 йилнинг сентябрь ойида Кенгаш аъзолигига кирди. 2021 йилнинг ноябрь ойида Туркиянинг Истанбул шаҳрида бўлиб ўтган саммитда Кенгаш номи Туркий давлатлар ташкилотига ўзгартирилди ва Туркманистон кузатувчи давлат мақомини олди. Айни вақтда ташкилот байроғи Европада ҳам ҳилпирамоқда. Венгрия аллақачон ушбу ташкилотда кузатувчи мақомига эга.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь