Россия “Толибон” билан савдо-сотиқ қилмоқчи

Олам

image

Россия Афғонистоннинг янги ҳокимияти билан савдо-иқтисодий ҳамкорликни йўлга қўйишга қарор қилди, шу муносабат билан ҳукумат Афғонистон импорти учун божхона тўловларини бекор қилди. Бу ҳақда бугун, 26 июль куни Россия Федерацияси Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Замир Кабулов Тошкентда ўтган “Афғонистон: хавфсизлик ва иқтисодий тараққиёт” мавзусидаги халқаро конференцияда маълум қилди. 

“Россия ҳукумати ташаббус сифатида афғон импорти учун божхона тўловларини нолга туширди. Бундан ташқари,  Афғонистон Савдо вазирлиги томонидан тақдим этилган Афғонистон учун биринчи навбатда қизиқиш уйғотадиган товарлар рўйхатини ҳам олдик. Бу ғаллага ҳам, турли нефть маҳсулотларига ҳам тегишли, биз минтақавий ҳамкорларимиз билан ишлашни давом эттирамиз”, дейди у.

Унинг фикрича, Афғонистоннинг ҳозирги аянчли иқтисодий аҳволи АҚШ ва унинг иттифоқдошларининг кўп йиллик фаолияти натижасидир. 

“Афғонистонни ҳозирги аҳволга олиб келган АҚШ, Европа Иттифоқи ва бошқа иттифоқдошлари ўз хатоларини ва 20 йил давомида қўллаб-қувватлаб келган қочган қўғирчоқ ҳукуматни тузатишга катта ҳисса қўшиши керак, деб ўйлаймиз", таъкидлади Кабулов.

QALAMPIR.UZ’га маълум бўлишича, конференцияда:

Афғонистон йўналишида халқаро ҳамжамиятнинг мувофиқлаштирилган ҳаракатларини, ушбу мамлакатнинг иқтисодий тикланиши, афғон халқига шошилинч гуманитар ёрдам кўрсатиш бўйича аниқ таклифларни ишлаб чиқиш;

Афғонистон янги ҳукумати томонидан жаҳон ҳамжамиятининг асосий талабларини (кенг вакиллик асосида ҳукумат тузиш, хотин-қизлар ҳуқуқларига риоя қилиш ва қизларнинг тўлақонли мактаб таълими олишини таъминлаш) бажариш жараёнини тезлаштириш масаласида халқаро самарали мулоқотни йўлга қўйиш;

Афғонистон Муваққат ҳукумати томонидан ушбу мамлакат ҳудудидан қўшни давлатлар, минтақанинг бошқа давлатлари ва бутун дунё хавфсизлиги манфаатларига қарши фойдаланишга йўл қўймаслик бўйича олган мажбуриятларни тасдиқлаш;

Афғонистоннинг чет элдаги молиявий активларига қўйилган чековларни бекор қилиш, шунингдек, мамлакат ҳудудида транспорт-коммуникация ва энергетика соҳаларида турли инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш муҳимлигини тушунтириш масалалари муҳокамага қўйилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Афғонистон: хавфсизлик ва иқтисодий тараққиёт

Баҳолаганлар

74

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг