БМТ Афғонистон бўйича позициясини маълум қилди
Олам
−
26 Июль 2022
5460Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Афғонистонга гуманитар ёрдам кўрсатишда ва бу мамлакатда тинчлик ўрнатишда давом этади. Бу ҳақда БМТ Бош котиби Антониу Гутерришнинг Тошкентда бўлиб ўтаётган “Афғонистон: хавфсизлик ва иқтисодий тараққиёт” мавзусидаги халқаро конференция иштирокчиларига мурожаатида айтилади.
“Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Афғонистонда тинчликка кўмаклашиш, гуманитар ёрдам кўрсатиш, барқарор ривожланишни қўллаб-қувватлаш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда давом этади”, дейилади БМТ Бош котибининг мурожаатида.
Гутерришнинг мурожаатини Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Владимир Норов ўқиб эшиттирган.
“Терроризмга қарши курашиш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, аёллар ва қизларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини рағбатлантириш Афғонистонда, шунингдек, минтақада ва ундан ташқарида тинчлик ва тараққиётнинг марказий ўринни эгаллайди. Бу борада Афғонистон барқарорлигида сиз каби қўшни давлатларнинг ўрни муҳим”, дейди Гутерриш.
QALAMPIR.UZ’га маълум бўлишича, конференцияда:
Афғонистон йўналишида халқаро ҳамжамиятнинг мувофиқлаштирилган ҳаракатларини, ушбу мамлакатнинг иқтисодий тикланиши, афғон халқига шошилинч гуманитар ёрдам кўрсатиш бўйича аниқ таклифларни ишлаб чиқиш;
Афғонистон янги ҳукумати томонидан жаҳон ҳамжамиятининг асосий талабларини (кенг вакиллик асосида ҳукумат тузиш, хотин-қизлар ҳуқуқларига риоя қилиш ва қизларнинг тўлақонли мактаб таълими олишини таъминлаш) бажариш жараёнини тезлаштириш масаласида халқаро самарали мулоқотни йўлга қўйиш;
Афғонистон Муваққат ҳукумати томонидан ушбу мамлакат ҳудудидан қўшни давлатлар, минтақанинг бошқа давлатлари ва бутун дунё хавфсизлиги манфаатларига қарши фойдаланишга йўл қўймаслик бўйича олган мажбуриятларни тасдиқлаш;
Афғонистоннинг чет элдаги молиявий активларига қўйилган чековларни бекор қилиш, шунингдек, мамлакат ҳудудида транспорт-коммуникация ва энергетика соҳаларида турли инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш муҳимлигини тушунтириш масалалари муҳокамага қўйилган.
LiveБарчаси