Россия ТИВ ядровий қуролга эга давлатларга чақириқ билан чиқди
Олам
−
02 Ноябрь 2022
22358Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазирлиги Россия “гипотетик тарзда” ядро қуролидан фақат мудофаа мақсадларида ёки давлатнинг мавжудлиги таҳдид остида қолганида фойдаланиши мумкинлиги айтилган баёнот эълон қилди.
“Россия қатъий ва изчил равишда ядро урушига йўл қўйиб бўлмаслиги ҳақидаги постулатга амал қилади, унда ғолиблар бўлиши мумкин эмас ва уни ҳеч қачон қўзғатмаслик керак. Ушбу соҳадаги рус доктринал кўрсатмалари жуда аниқ ифодаланган, улар соф мудофаа характерига эга ва кенг талқин қилишга имкон бермайди. Россия томонидан ядро қуролини қўллаш билан жавоб қайтаришга фаразий равишда фақат оммавий қирғин қуролларидан фойдаланган ҳолда амалга оширилган тажовузга ёки оддий қуроллар билан уюштирилган тажовузга жавобан, давлатнинг мавжудлиги таҳдид остида бўлганда рухсат этилади”, дейилади баёнотда.
ТИВ биринчи навбатдаги вазифа ядровий кучларнинг ҳар қандай ҳарбий тўқнашувининг олдини олиш эканлигини таъкидлади, шу муносабат билан у ядро қуролига эга бўлган бошқа давлатларни “ушбу устувор вазифа устида ишлашга тайёрлигини амалда кўрсатишга ва мувозанатни тўғридан-тўғри қуролли тўқнашув ёқасида сақлаб, бир-бирининг ҳаётий манфаатларига тажовуз қилиш учун хавфли уринишлардан воз кечишга чақирди.
Россия Президенти Владимир Путин мунтазам равишда ядро қуролидан фойдаланиш ҳақида баёнотлар бермоқда. 24 февраль куни уруш бошланиши муносабати билан русларга мурожаати чоғида у содир бўлаётган воқеаларга аралашишга қарор қилганлар “ўз тарихларида ҳеч қачон учрамаган” жавоб олишларига ваъда берганди.
Сентябрь ойида Путин ҳудудий яхлитликка таҳдид юзага келган тақдирда Россия “ихтиёридаги барча воситалардан” фойдаланишини айтган эди. Кўп ўтмай, Россия Украинанинг тўртта вилоятини аннексия қилди.
1 ноябрь куни Россия Федерацияси Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев Украинанинг барча ҳудудларини қайтариб олиши Россиянинг мавжудлигига таҳдид эканлигини айтди.
2 ноябрь куни “The New York Times” газетаси АҚШ расмийлари орасидаги манбаларга таяниб, россиялик генераллар октябрь ойида Украинада ядро қуролидан фойдаланиш вариантларини муҳокама қилгани ҳақида хабар берди. Шу билан бирга, нашрнинг таъкидлашича, ҳозирда Вашингтонда Россия зарбага тўғридан-тўғри техник тайёргарлик кўришни бошлагани ҳақида ҳеч қандай далил йўқ.
LiveБарчаси