Россия ТИВ дунёга ёқадиган прогнозни айтди

Олам 23671
image

Сўнгги бир неча ой ичида жаҳон миқёсидаги дон нархлари доимий равишда пасайиб, глобал очарчилик хавфини камайтиради. Бу ҳақда бугун, 17 август куни “Россия-24” телеканали эфирида Россия Ташқи ишлар вазирлиги иқтисодий ҳамкорлик департаменти директори Дмитрий Биричевский маълум қилди.

“Ўйлайманки, глобал очлик бўлмайди, чунки, сўнгги бир неча ой ичида ғалла нархи муттасил пасаймоқда. Бу кўп жиҳатдан Россия Федерацияси, БМТ, Туркия ва Украина ўртасида эришилган келишувлар билан боғлиқ”, дейди у.

Дипломатнинг қўшимча қилишича, Россия ғалласи дунёнинг турли бурчакларига етказиб берилмоқда, шунингдек, Қора денгиз портларидан Украина донини етказиб бериш бошланган ва жуда фаол давом этмоқда. 

“Фақат эътиборли тарафи шундаки, [Украинадан экспорт қилинаётган] донларнинг барчаси ҳақиқатан ҳам муҳтож мамлакатларга етиб бормасдан, Европанинг етарлича бой мамлакатларида қолиб кетган”, дея қўшимча қилди у.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 22 июль куни Туркиянинг Истанбул шаҳрида Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған, Бирлашган  Миллатлар Бош котиби Антониу Гутерриш, Туркия Миллий Мудофаа вазири Ҳулуси Акар, Россия Миллий Мудофаа вазири Сергей Шойгу ва Украина Инфратузилма вазири Александр Кубраков иштирокида “Дон йўлаги” ҳужжати имзоланди. Украинадан ғалла экспорти бўйича келишув Одесса, шунингдек, Черноморск ва Южнийдан хавфсиз йўлакларни яратишни назарда тутади. 

Ушбу келишув жаҳон бозорларига камида 25 миллион тонна дон етказиб бериш имконини бермоқда. Хусусан, Одесса портидан озиқ-овқат юкланган биринчи кема — “Razoni” юк ташувчиси 1 август куни жўнаб кетди. Умуман олганда, 1-15 август кунлари Украинадан 563 минг 317 тонна озиқ-овқат экспорт қилинди.

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 327
Рейтинг: 3.1
t
×