Россия терма жамоасининг собиқ футболчиси 9,5 йилга қамалди
Спорт
−
25 Сентябрь
7952“Локомотив”, “Краснодар” ва “Торпедо” клубларининг собиқ ҳимоячиси Алексей Бугаев 2023 йилнинг ноябрида гиёҳванд моддалар савдосига уринишда айбланиб, ҳибсга олинганди. Эндиликда унга суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда Краснодр судлари матбуот хизмати хабар берди.
Маълум бўлишича, у 495 грамм мефедрон билан ушланган. Краснодарнинг Прикубанский туман суди Алексей Бугаевни Россия Жиноят кодексининг 228.1-моддаси 5-қисми 3-бандида кўзда тутилган жиноятни содир этган деб топди.
Суд ҳукмига кўра, 2023 йил октябрь ойида Бугаев гиёҳванд моддалар солинган “сақлаш” жойлашуви координаталари кўрсатилган СМС-хабарни олиб, умумий оғирлиги 494,8 грамм бўлган гиёҳванд моддаларни олиб кетган. Судланувчи гиёҳванд моддаларни кейинчалик ноқонуний сотиш мақсадида сотиб олган, бироқ у ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан қўлга олингани боис, бунга эриша олмаган.
Собиқ футболчи ўз кўрсатмасида гиёҳванд моддаларни тарқатишни режалаштирмаганини, лекин унга бу ишни таклиф қилган шахсларни фош қилишда полицияга ёрдам бермоқчи эканлигини айтди.
Бироқ судда кўрсатмаси ўқиб эшиттирилгач, Бугаев ўз айбига тўлиқ иқрор бўлган ва қилмишидан пушаймон эканини айтган. Шунингдек, судланувчининг айби иш бўйича текширилган далилларнинг йиғиндиси билан аниқланган. Суд жазо тайинлашда Бугаевнинг боласи борлигини, тавбасини ва спортдаги муваффақияти учун кўплаб мукофотларни енгиллаштирувчи ҳолатлар сифатида ҳисобга олди.
“Алексей Бугаевга 9 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, жазони қаттиқ тартибли колонияда ўташ белгиланди. Ҳукм қонуний кучга кирди”, дейилади Краснодар судларининг қўшма матбуот хизмати хабарида.
LiveБарчаси