Россия Татарскийнинг ўлимида Украина ва Навальний фондини айблади
Олам
−
03 Апрель 2023
7123Россия Миллий аксилтеррор қўмитаси (МАҚ) таниқли ҳарбий журналист Владлен Татарскийнинг ўлимида Украина махсус хизматини айблади. Шунингдек, Алексей Навальнийнинг Коррупцияга қарши курашиш фонди ҳам суиқасдни ташкиллаштиришда иштирок этгани айтилди. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабар берди.
Гап шундаки, портлаш ва Татарскийнинг ўлимида гумонланиб, Дарья Трепова ҳибсга олинган. МАҚ Навальний жамғармаси Дарья Треповани фаол қўллаб-қувватлаганини айтмоқда.
“Санкт-Петербургда таниқли журналист Владлен Татарскийга қарши содир этилган террорчилик ҳаракати Украина махсус хизмати томонидан Коррупцияга қарши кураш фонди (Алексей Навальний фонди) билан ҳамкорликда амалга оширилган. Ҳибсга олинган Дарья Трепова унинг фаол тарафдори”, дейилади хабарда.
Навальний жамоаси эса мазкур айблов юзасидан муносабат билдириб, жамғарманинг бунга алоқаси йўқ эканини маълум қилди.
“МАҚ узоқ вақтдан бери терроризм билан боғлиқ айбловни бўйнимизга илиш ҳаракатида бўлиб турибди. Улар яқин келажакда Навальний устидан бўладиган судда унга максимал муддат беришни мақсад қилмоқда”, дейилади хабарда.
Маълумотларга кўра, айнан Дарья Трепова портловчи моддалар ўрнатилган ҳайкалчани Татарскийга топширган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан Трепованинг Санкт-Петербургдаги яшаш жойида тинтув ўтказилиб, унинг онаси ва синглиси сўроқ қилинган.
Эслатиб ўтамиз, Таниқли ҳарбий журналист Владлен Татарский (ҳақиқий исми Максим Фомин), 2 апрель куни Санкт-Петербург марказидаги Василевский оролида кафедаги портлаш оқибатида ҳалок бўлди, яна 32 киши яраланди. Бинода айнан Татарскийнинг ижодий кечаси бўлиб ўтаётган эди. Портловчи модда Татарскийга совға сифатида берилган ҳайкалчада бўлган.
LiveБарчаси