Россия тактик ядро қуроллари билан машғулотларни бошлади
Олам
−
22 Май
6248Россия қўшинлари Жанубий ҳарбий округда ўқув машғулотларининг биринчи босқичини стратегик бўлмаган ядро қуролларини тайёрлаш ва қўллаш бўйича амалий машғулотлардан бошлади. Бу ҳақда Россия Мудофаа вазирлиги маълум қилди.
Ушбу босқич доирасида Жанубий ҳарбий округнинг ракета тузилмалари “Искандер” оператив-тактик ракета мажмуаси учун ўқ-дориларни қабул қилиш, шунингдек, ракеталарни учиришга тайёргарлик кўриш учун жиҳозлаш ва яширин равишда позиция зонасига ўтиш амалиётини ўтказмоқда.
“Машғулотлар давомида Россия Аэрокосмик кучларининг авиация бўлинмалари “Кинжал” гипертовушли ракеталари билан жиҳозлашни ва белгиланган патруль ҳудудларига учишни машқ қилмоқда”, дейилади вазирлик баёнотида.
Россия Мудофаа вазирлиги машғулотлар ғарб расмийларининг Россияга қарши провокацион баёнотлари ва таҳдидларига жавобан ўтказилаётганини яна бир бор эслатган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Франция Президенти Эммануэль Макрон Украинага қўшин юборишни истисно қилмаслигини такрорлаганди. Буюк Британия Ташқи ишлар вазири Дэвид Кэмерон эса Киев кучлари Россия ичидаги нишонларга зарба бериш учун Британиянинг узоқ масофали қуролларидан фойдаланиши мумкинлигини айтган.
Ҳабиб Жўрабоев
LiveБарчаси