Россия сўзида туриши керак ёхуд Зеленский Эрдўғаннинг олдига нега боряпти?
Таҳлил
−
06 Июль 2023
17541Украина Президенти Владимир Зеленский эртага, 7 июль куни Туркия раҳбари Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг таклифига биноан Истанбулга бориши ҳақида хабар берган эдик. Хўш, икки давлат раҳбари эртанги учрашувда нималарни муҳокама қилади? Қуйида шу ҳақда маълумот берамиз.
Литва пойтахти Вильнюс шаҳрида 11-12 июль кунлари бўлиб ўтадиган НАТО саммитидан аввал Эрдўған ва Зеленский ўртасида муҳим учрашув бўлиб ўтади. Ташриф доирасида икки давлат раҳбари юзма-юз ҳамда делегациялар миқёсида учрашувлар ўтказади. Учрашувларда Россия-Украина уруши билан боғлиқ сўнгги ўзгаришлар, 17 июль куни тугайдиган Дон йўлаги келишуви ва икки давлат муносабатлари масалалари муҳокама қилинади.
Дон келишуви 2022 йил февраль ойида Россиянинг Украинага бостириб кириши ортидан жаҳон бозорида доннинг энг йирик экспортчиларидан бири бўлган Украинанинг маҳсулот етказиб бериш имконияти чекланиши ва бунинг оқибатида дон нархининг ошиши ҳамда қашшоқ мамлакатларда очарчилик хавфининг ортиши сабабли тузилган. Ундан мақсад Қора денгиз бўйлаб хавфсиз равишда дон ташишни амалга ошириш ҳисобланади. Озиқ-овқат таъминотидаги муаммони ҳал қилиш учун ўтган йилнинг апрель ойида Туркия мезбонлигида ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг қўллаб-қувватлови билан Дон йўлаги бўйича музокаралар бошланган ва 2022 йилнинг 22 июль куни бу бўйича 120 кунлик келишувга эришилганди.
Мазкур келишув 2022 йилнинг 19 ноябрига қадар давом этиши белгиланган эди. Бироқ Россия Қора денгиздаги кемалари дрон ҳужумига учраганини даъво қилиб, келишувни бир неча кунга тўхтатиб қўйди. Кейинроқ музокаралардан сўнг яна унга қайтганини эълон қилди. Дон келишуви 2022 йилнинг 17 ноябрь куни яна 120 кунга, 2023 йилнинг март ойида эса 90 кунга узайтирилиб, 2023 йил 17 июлга қадар чўзилгани маълум қилинди. Аммо Россия сўнгги пайтларда мазкур келишувни узайтиришга “сабаб кўрмаётганини” таъкидлаб келмоқда.
Россия Дон келишуви туфайли ташилаётган зарурий озиқ-овқат ҳақиқатда бунга муҳтож бўлган давлатларга эмас, дунёнинг энг бой мамлакатларига жўнатилаётганини даъво қиляпти. Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарованинг айтишича, Қора денгиздаги йўлак орқали ташилаётган дон адолатсиз тақсимланмоқда.
“БМТдаги Ғарбнинг тарафдорлари раҳбарлик қиладиган йўналишларда нималар содир бўлаётганига мисол келтираман. Дон келишуви. Очларни боқиш учун бошланган ҳаракат. Бугунги кунда камбағал давлатлар ундан қанча улуш олган деб ўйлайсиз? Яман, Судан, Афғонистон, Эфиопия, Сомали каби ҳақиқатдан ҳам муҳтож давлатлар. Уларга қанча етказиб берилади? Сизга айтаман – 2,5 фоиз! Икки ярим фоиз бу мамлакатларга энг камбағалларга етказиб берилгани айтилаётган миқдордан кетган. Ва умумий ҳажмнинг 81 фоизи ўртача даромад даражаси юқори ва энг юқори бўлган мамлакатларга юборилди. Буларнинг барчаси эса БМТ ҳомийлигида бўлмоқда. Ахир, БМТ Бош котибининг ўзи айтганидек, бу унинг шахсий ташаббуси, ҳаммасини у ўйлаб топган ва қўлда бошқаряпти”, дейди Захарова “Sputnik” радиоси эфирида.
Захарованинг фикрича, Россияда шундай маълумотлар бор. Франциянинг “Le Monde” нашри ҳам бу ҳақда ёзган.
Туркия Қишлоқ ва ўрмон хўжалиги вазири Иброҳим Юмаклининг маълум қилишича, Анқара, Президент Ражаб Тойиб Эрдўған бошчилигида дон йўлаги келишувини узайтириш бўйича саъй-ҳаракатларни давом эттиради. У бу ҳақда Украина аграр сиёсат ва озиқ-овқат вазири Николай Сольский билан телефон суҳбатида ҳам гаплашиб олган.
“Қора денгиз ғалла ташаббуси бизнинг саъй-ҳаракатларимизнинг аниқ ва муваффақиятли намунасидир. Мамлакатимиз барча муаммоларга қарамай, ушбу ташаббусни амалга ошириш ва унинг муддатларини узайтиришда етакчи ва асосий роль ўйнади”, дейди Юмакли.
Унинг қайд этишича, Дон йўлаги туфайли халқаро бозорларда энг юқори чўққига чиққан дон нархи барқарорлашган. Жаҳон бозорига чиққан қарийб 33 миллион тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари дунёнинг кўплаб мамлакатларидаги эҳтиёжмандларга етказиб берилган.
Қўшма Штатлар эса Россияни дон шартномаси бўйича ўз мажбуриятларини бажаришга ва уни узайтиришга чақирмоқда. Тегишли видеомурожаат АҚШ Давлат департаментининг ижтимоий тармоқлардаги сайтида эълон қилинди.
АҚШ департаментининг таъкидлашича, Россия баъзида донни жўнатишни бир неча ойга тўхтатиб қўяди ёки кечиктиради.
“Бундай ҳаракатлар Қора денгиз дон йўлаги бўйича келишувни қўпол равишда бузиш ҳисобланади. Миллионлаб муҳтож одамлар озиқ-овқат хавфсизлиги таҳдид остида”, дейилади мурожаатда.
АҚШ Давлат департаменти ҳам ўз мурожаатида Россия келишув бўйича ўз мажбуриятларини бажаришини ва унинг амал қилиш муддатини узайтиришини таъкидлайди.
Бундан ташқари, департамент озиқ-овқат тақчиллиги озиқ-овқат нархларининг тез ўсишига олиб келишига эътибор қаратган. “Кремль ўз сўзида туриши керак”, деб таъкидлади Давлат департаменти.
Статистикага кўра, 2022 йилда Россиянинг Украинага бостириб кириши сабабли глобал озиқ-овқат нархларининг кўтарилиши оқибатида дунё бўйича 47 миллион одам очарчилик хавфи остида қолган. Уруш энг кўп импорт ғалла ва ёнилғига боғлиқ бўлган Осиё, Африка ва Лотин Америкасининг ривожланаётган давлатларига таъсир қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Путин ва Зеленский июнь ойининг бошларида, Эрдўғаннинг инаугурация маросимидан сўнг бирин-кетин Туркияга ташриф билан бориши маълум қилинганди. Бироқ номаълум сабабларга кўра, мазкур ташрифлар июнь ойида амалга ошмади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь