Россия Суриядаги ҳарбий базалар учун миллиардлаб доллар сарфлашга тайёр – WSJ

Олам

image

Россия Преиденти Владимир Путин Суриядаги иттифоқчисини йўқотганига қарамай, у ердаги ҳарбий базаларини сақлаб қолиш ниятидан воз кечгани йўқ. У бунга миллиардлаб доллар сарфлашга тайёр, айниқса АҚШнинг янги маъмурияти ҳали Сурия бўйича ўз позициясини шакллантирмаган бир пайтда. Бу ҳақда ўз манбаларига таяниб, “The Wall Street Journal” хабар берди.

Нашрнинг ёзишича, Москва ва Дамашқ бир қатор мавзуларда музокаралар олиб бормоқда, жумладан, Башар Асад режими томонидан чет элга олиб чиқилган маблағларни қайтариш ва миллиардлаб доллар инвестиция қилиш, Россиянинг фуқаролар уруши пайтида тинч аҳолига қарши бомбардимонлари учун узр сўраши ҳамда Асаднинг экстрадиция қилиниши масалалари муҳокама қилинмоқда. Музокаралар жорий йил январда Россия Ташқи ишлар вазири ўринбосари Михаил Богданов ва Президентнинг Сурия бўйича махсус вакили Александр Лаврентьев мамлакатга борганидан кейин бошланган. Улар Хмеймим авиабазаси ва Тартус денгиз базасининг келажагини муҳокама қилишни режалаштирган, аммо суҳбат кенгроқ иқтисодий ҳамкорликка йўналтирилган.

Суриянинг янги раҳбарияти Россия билан олиб борилаётган музокараларни Москванинг уруш чоғида етказган зарарини қоплаш йўлидаги уриниш сифатида тақдим этишга ҳаракат қилмоқда. WSJ маълумотларига кўра, Европа ва Сурия расмийлари янги ҳукуматнинг Асадни топшириш талаби Кремль томонидан рад этилганини маълум қилган. Бироқ вақтинчалик Сурия президенти Аҳмад аш-Шара билан телефон орқали суҳбатлашгач, Путин Россия ва олдинги ҳукумат ўртасида тузилган шартномалар шартларини муҳокама қилишга тайёрлигини билдирган. Бу эса Дамашқ учун асосий талаб бўлиб, манбаларга кўра, бу шартномалар орасида ҳозирда тўхтатилган Тартус портини кенгайтириш лойиҳаси, газ конлари ва фосфат рудаларини қазиб олиш ҳамда ўғит ишлаб чиқариш заводи қурилиши бор.

Дамашқ, шунингдек, Асад Россияга олиб чиққан маблағларни қайтаришни истамоқда. 2018–2019 йилларда Сурия марказий банки Россиянинг давлат банкига тахминан 250 миллион доллар ўтказган. Бундан ташқари, 2019 йилда коррупцияга қарши Global Witness ташкилоти Асад оиласи Россияда 40 миллион доллардан ортиқ қийматдаги ҳашаматли квартиралар сотиб олганини аниқлаган.

“Bloomberg”нинг январь охирида ёзишича, дастлаб Хмеймим ва Тартус базаларини сақлаб қолиш бўйича келишувга эришишнинг иложи бўлмаган. Россиянинг авиабазадаги фаолияти чекланган, икки транспорт кемаси эса ҳарбий техникани олиб чиқиш учун бир неча ҳафта давомида Тартусда рухсат кутган. Ушбу базалар Путин учун муҳим, чунки улар Россиянинг Шарқий Ўртаер денгизидаги ҳарбий иштирокини таъминлаб, Африкадаги операцияларни олиб боришга имкон беради. Уларга муқобил база деярли йўқ. Россия ҳарбийлари Ливиядаги авиабазалардан фойдаланиш имкониятига эга, аммо бу ҳудуд майдон командири Халифа Ҳафтар назорати остида. Ливия, Европа ва АҚШ расмийларига кўра, у ерда ҳарбий-денгиз базаси қуриш бўйича музокаралар олиб борилаётган бўлса-да, улар натижа бермаяпти.

Путин ва Аш-Шара ўртасидаги жорий йил февраль ойи ўрталарида бўлиб ўтган телефон суҳбати ортидан Дамашқ билан музокаралар жадаллашган. Бир неча кундан сўнг Россияда босиб чиқарилган 23 миллион долларлик Сурия банкноталари ортилган самолёт Сурия томон йўл олган. Шу билан бирга, Сурия учун миллионлаб доллар маблағ ажратишни муҳокама қилаётган Қатар ва Саудия Арабистони ҳозирча конкрет қадамлар қўйишдан тийилиб турибди. Улар АҚШ Суриянинг янги ҳукуматига қўйилган санкцияларни олиб ташлашини кутмоқда, чунки улар илгари террорчи гуруҳ сифатида тан олинган.

“Россиянинг Сурияга доир музокаралардаги афзаллиги шундаки, уни ҳеч қандай ахлоқий жиҳатлар тўсиб қўймайди ва у ҳеч ким билан келишмасдан қарор қабул қилиши мумкин. Асосий савол шундаки, Ғарб ўзини қандай тутади ва Сурия билан қандай муносабат ўрнатади, шунда у Россияга камроқ таянишга мажбур бўлади”, дейди Вашингтон Яқин Шарқ сиёсати институти илмий ходими Анна Боршчевская.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Исроил АҚШни Сурияни заиф ва марказий ҳукуматдан ажралган ҳолда қолдиришга, жумладан Россиянинг ҳарбий базаларини сақлаб қолишига рухсат беришга даъват этаётгани хабар қилинганди. Бу билан Исроил Туркиянинг мамлакатдаги таъсирининг ортишини чеклашни мақсад қилган. Исроил ва Туркия ўртасидаги муносабатлар Ғазо уруши давомида янада кескинлашган ва Исроил расмийлари Вашингтонга янги Сурия ҳукуматининг Анқара томонидан қўллаб-қувватланиши Исроил чегаралари учун таҳдид эканини билдирган. Бу ҳаракатлар эса Исроилнинг АҚШ сиёсатига таъсир ўтказишга қаратилган кенг кўламли кампанияси борлигини кўрсатади. Айниқса, Сурия учун муҳим даврда – Башар Асад ҳокимиятдан кетганидан кейин янги ҳукумат мамлакатни барқарорлаштиришга ва АҚШ санкцияларини бекор қилишга интилаётган бир вақтда бу ёндашув ўз аҳамиятини оширмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Сурия ҳарбий база

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг