Россия Суми вилоятининг энергетика инфратузилмасига зарба берди
Олам
−
06 Июль
7394Россия бугун, 6 июлга ўтар кечаси Shahed дронлари билан Украинанинг Суми вилоятидаги энергетика инфратузилмаси объектларига зарбалар берди. Бу ҳақда Сумоблэнерго компанияси хабар берди.
Қайд этилишича, ушбу ҳужум оқибатида 100 мингдан ортиқ истеъмолчи ҳисоблагичлари қувватсизланган.
“348 та аҳоли пункти (Ахтир тумани ва Сумининг бир қисми), шунингдек, Суми шаҳридаги баъзи истеъмолчилар вақтинча электр таъминотисиз қолган”, дейилади хабарда.
Суми вилояти ҳарбий бошқармаси маълумотларига кўра, 6 июль куни эрталаб Россия Қуролли кучлари минтақадаги чегара ҳудудлари ва аҳоли пунктларини 9 марта ўққа тутган.
Айни пайтда, Украина Қуролли кучлари Бош штаби тезкор ҳисоботида кун давомида фронтда 139 та ҳарбий тўқнашув содир бўлганини кўрсатмоқда.
Маълум бўлишича, 6 июлга ўтар кечаси Россия Қуролли кучлари ҳам 27 та Shahed учувчисиз учоқлари ёрдамида Украина нишонларига зарбалар берган. Ҳужумлар Россия Федерацияси томонидан аннексия қилинган Қрим ҳудудидан ва Россия Федерациясининг Курск вилоятидан амалга оширилган.
Қайд этилишича, Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари Днепропетровск, Полтава, Запорожье, Херьсон, Харков, Донецк, Суми, Чернигов, Винница, Киев, Кировоград ва Николаев вилоятларида 24 та дронни уриб туширишга муваффақ бўлган.
Ўз навбатида, Херьсон вилояти прокуратураси Россия Қуролли Кучлари томонидан Украинанинг Херьсон вилоятининг Бериславский туманидаги артиллерия ўққа тутилишидан сўнг, хусусий уй вайроналари остидан қутқарувчилар у ерда бир эркак ва бир аёлнинг жасадларини топгани ҳақида хабар берди.
Эслатиб ўтамиз, Краснодар ўлкасида бугун, 6 июлга ўтар кечаси дрон ҳужуми туфайли иккита нефть омбори ёниб кетди ва алоқа минораси зарар кўрганди.
LiveБарчаси