Россия Шимолий Кореяни Ғарбдан ҳимоя қилади – Лавров
Олам
−
13 Сентябрь 2023
7033Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Ғарбнинг Корея ярим оролидаги келишувдан бош тортиши унинг Корея Халқ Демократик Республикаси (КХДР)га қарши резолюцияни БМТ Хавфсизлик кенгашига киритишга уринишларига чек қўйишини айтди. Бу ҳақда у бугун, 13 сентябрь куни Россия ва Шимолий Корея етакчиларининг учрашуви доирасидаги тадбирлар орасида сўз очди.
Сергей Лавров Ғарб ўз стратегик кучлари элементларини Корея ярим ороли жанубига ўтказаётганини таъкидлаган.
“Ядро қуроллари Корея ярим оролининг жанубида, Жанубий Корея ва Японияда у ёки бу кўринишда пайдо бўлиши ҳақида аллақачон гап кетмоқда. Уларнинг сиёсий характердаги ҳар қандай чора-тадбирларни қўллашдан қатъиян воз кечиши, бундан буён Хавфсизлик Кенгашига санкциялар бўйича резолюция киритишга чек қўяди”, дейди Россия ТИВ раҳбари.
Шунингдек, Лавров ўтган йилнинг баҳорида АҚШ Шимолий Кореяга қарши БМТнинг навбатдаги резалуциясини қабул қилишга урингани, бироқ Россия ва Хитой Хавфсизлик Кенгашида бунга тўсқинлик қилганини эслатган.
Маълумот учун, БМТ Хавфсизлик Кенгаши томонидан Шимолий Кореяга нисбатан жорий қилинган санкциялар қаторига табиий газ таъминотига эмбарго ва қайта ишланган нефть маҳсулотлари экспортини чеклаш каби кўплаб чоралар киради. Шунингдек, мамлакатдан денгиз маҳсулотлари, тўқимачилик, кўмир, темир рудаси, бошқа хом ашё ва фойдали қазилмалар сотиб олиш, ишчи кучини экспорт қилиш тақиқланган.
Тахминларга кўра, ушбу чекловларнинг барчаси КХДРни хом ашё ва товарлар экспортидан келадиган даромаднинг 90% дан кўпроғидан маҳрум қилади.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Хитой Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мао Нинг Америка Қўшма Штатлари Шимолий Кореяга нисбатан санкциялар босимини тўхтатиб, Корея ярим оролини ядросизлантиришга нисбатан ўз муносабатини қайта кўриб чиқиши кераклигини айтганди.
LiveБарчаси