Россия шакар экспортини вақтинча тақиқлади
Олам
−
04 Май
4127Россия ҳукумати мамлакатдан қамиш ва лавлаги шакарини ҳамда кимёвий тоза сахарозани экспорт қилишни вақтинчалик тақиқлашни жорий қилди. Бу ҳақда мамлакат ҳукуматининг расмий Telegram-каналида хабар қилинди.
“Қарор ички озиқ-овқат бозори барқарорлигини сақлашга қаратилган”, дейилади ҳукумат қарорида.
Тақиқлашдан истиснолар Евросиё Иқтисодий Иттифоқи мамлакатларига тегишли – Россия ҳукумати уларга маълум ҳажмларда шакар етказиб беришга рухсат берди.
Шундай қилиб, ёз охиригача Қозоғистонга 120 минг тонна, Қирғизистонга 28,5 минг тонна, Арманистонга 28 минг тонна, Беларусга 5 минг тонна шакар етказиб беришга рухсат берилган.
Россия Қишлоқ хўжалиги вазирлиги март ойида Россиядан шакар экспортини чеклашни таклиф қилганди.
Таъкидланишича, Россия шакари "дунёдаги энг арзонларидан бири бўлиб, жаҳон бозорида унга бўлган талабни рағбатлантиради".
Россия ҳукумати маълумотларига кўра, 2023 йил 1 августдан 2024 йил февраль ойи охиригача Россия Федерацияси 700 минг тоннадан ортиқ шакар экспорт қилган – бу ўтган йилга нисбатан 3,3 баравар кўп.
Чекловлар камида 2024 йил 31 августгача амал қилади.
Россия Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Россиядан шакар экспортини чеклашни таклиф қилганидан сўнг ижтимоий тармоқларда Россия Ўзбекистонга шакар етказиб беришни тўхтатиши республика ички бозорида шакар нархининг қимматлашувига олиб келиши ҳақида хабарлар тарқалди. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бунга муносабат билдириб, нафақат Россиядан, балки бошқа мамлакатлардан ҳам тайёр шакар маҳсулоти импорти чеклансада, маҳаллий корхоналар томонидан ички талабни тўла қондириш имконияти мавжуд эканини маълум қилганди.