Россия Сербияни давлат тўнтаришига тайёргарликдан огоҳлантирди – Вучич
Олам
−
10 Август
6398Россия Сербия раҳбариятини республикада Ғарб давлатлари вакиллари томонидан уюштирилаётган оммавий тартибсизликлар ҳақида огоҳлантирди. Бу ҳақда Сербия Президенти Александр Вучич маълум қилди.
"Бугун биз Россия Федерациясидан расмий маълумот олдик. Маълумотлар расмий каналлар орқали олинган, биз у билан шуғулланмоқдамиз. Бунга Хавфсизлик ва ахборот агентлиги масъулдир, шунингдек, бу борада ихтисослашган одамлар Сербия ҳукуматида ва бошқа барча жойларда ўз ишларини қилади. Бирор нарсага куч билан эришаман, деб хаёл қилганлар ҳеч нарсага эриша олмайди. Сербия тиним билмай олға интилмоқда. Бу менинг ҳаммага мурожаатим – хавотир ва ташвиш керак эмас”, дейди Вучич.
Аввалроқ “Večernje novosti” газетаси Сербиядаги мухолифат вакиллари 10 август куни Белградда режалаштирилган норозилик намойишларидан Президент саройини эгаллаб олиш, давлат раҳбарини йўқ қилиш учун фойдаланишга тайёрлиги ҳақида хабар берган эди. Нашрнинг таъкидлашича, аввалроқ экологик норозилик намойишларининг асосий иштирокчилари "рангли инқилобларни қўзғатиш учун аниқ схемани қўллашни" бошлаган.
"Агар бу Сербиядаги Майдан даҳшатларини такрорлашга аниқ чақириқ бўлмаса, кимдир бу нима эканлигини тушунтиришга ҳаракат қиладими? Бунинг ортида қандай хорижий омил ёки омиллар турибди, деган саволга жавоб кутяпмиз, аммо мумкин ва реал жавоблар сони тобора торайиб бормоқда, чунки биз ҳаммамиз иккита нарсани яхши биламиз: чет элликларсиз рангли инқилоблар бўлмайди, Сербиянинг тўлиқ беқарорлашуви уларнинг манфаатларига хизмат қилади”, дея таъкидлайди газета.
Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарованинг таъкидлашича, Сербиядаги вазият таҳлили “ёвуз кучлар”нинг ушбу мамлакатдаги вазиятни бузишга уринишлари қайта тикланганидан далолат беради.
Қайд этиш жоизки, 19 июль куни Сербия ва Европа Иттифоқи ўртасида хомашё соҳасида стратегик ҳамкорликни ўз ичига олган англашув меморандуми имзоланди. Ҳужжат Белградда бўлиб ўтган стратегик хомашё бўйича саммит доирасида имзоланди, унда Сербия Президенти Александр Вучич ва Германия канцлери Олаф Шольц, Европа комиссияси раҳбари ўринбосари Марош Шефчович, Сербия ҳукумати аъзолари ва Ғарб дипломатлари иштирок этди. Меморандум экологик тоза ишлаб чиқаришни таъминлаш ва Сербиянинг Жадар дарёси водийсида электромобиллар аккумуляторларини ишлаб чиқариш учун муҳим бўлган литий конини ўзлаштиришга қаратилган.
Сербия мухолифати фуқароларнинг ҳаётига хавф туғдириши ва атроф-муҳитга мумкин бўлган зарари сабабли литий қазиб олиш бўйича эҳтимолий операцияларга қатъиян қарши чиқиб, бутун мамлакат бўйлаб норозилик намойишларига чақирмоқда.