Россия санкциялар сабаб нефть қазиб олишни тўхтатиши мумкин
Олам
−
12 Октябрь 2022
8843Россиянинг "Зарубежнефть" давлат нефть компанияси Европа Иттифоқи давлатларига Россия нефтини етказиб бериш бўйича тақиқ кучга кирганидан кейин ёқилғи ишлаб чиқаришни вақтинча тўхтатиши мумкин. Бу ҳақда компания раҳбари Сергей Кудряшов "Россия энергетика ҳафталиги" форуми давомида маълум қилди.
“Тақиқнинг тахминий бошланиш санаси 5 декабрга тўғри келади. Воқеалар ривожининг бир неча вариантлари мавжуд ва биз уларнинг энг ёмонларига ҳам тайёрмиз”, дейди Кудряшов
У ишлаб чиқариш 100 фоиз тўхтатилиши мумкинлигини, бироқ компания икки ҳафта ичида ишлаб чиқаришни қайта тиклаш режасини ишлаб чиққанини таъкидлади. Шу билан бирга, “нефть қазиб олишни 70 фоизга қисқартириш ҳам фожиали эмаслигини қўшимча қилди.
Шунингдек, компания раҳбари россиялик нефть ишлаб чиқарувчи компаниялар қазиб олишни қисқартириш вариантини кўриб чиқаётганини айтди.
“Агар кимдир, Россия қишда ишлаб чиқаришни чеклай олмайди ва ҳар қандай нархда сотади деб ўйласа, бу ғоядан воз кечиши керак”, дейди Кудряшов.
Аввалроқ Россия Президенти Владимир Путин рус нефти учун юқори нарх белгилаган давлатларга нефть сотиш тўхтатилишини маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафта Европа Иттифоқи Россияга қарши саккизинчи санкциялар пакетини маъқуллаган эди, бу эса нефть нархини чеклашни жорий қилиш учун зарур ҳуқуқий асослар учун пойдевор яратади.
Нархлар чегараси жорий қилинганидан сўнг, европалик операторларга Россия нефтини фақатгина нарх аввал белгиланган юқори даражадан ошиб кетмаганда учинчи мамлакатларга ташишни амалга ошириш ва қўллаб-қувватлаш имконини беради.
Ушбу чора G7 ҳамкорлари билан яқиндан мувофиқлаштирилган. Чеклов хом нефть учун 2022 йил 5 декабрь, нефт маҳсулотлари учун 2023 йил 5 февралдан кейин кучга киради.
Темур Жумаев
LiveБарчаси