Россия рус тилини билмаган мигрантларни жаримага тортиши мумкин
Олам
−
23 Март 2023
6233Россияда меҳнат муҳожирлари учун тил рейтингини жорий этиш таклиф қилинмоқда. Шунингдек, рус тилини билмаган меҳнат мигрантлари жаримага тортилиши мумкин. Бу ҳақда Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлиги Миграция бош бошқармаси бошлиғи Валентина Казакова маълум қилди.
Қайд этилишича, ушбу масала Давлат Думасида чет эл фуқароларининг Россиядаги ижтимоий-маданий мослашуви ва интеграциясига бағишланган давра суҳбатида кўтарилган.
Вазирлик балл тизимини жорий этишни таклиф қилмоқда. Рейтинг хориж фуқароси ҳақидаги фактик маълумотлар алгоритми асосида ҳисоблаб чиқилади.
Бу баллар чет элда киришдан олдинги тайёргарликдан ўтиш ёки рус тили, Россия тарихи ва қонунчилик асослари бўйича имтиҳон топшириш учун берилиши мумкин.
Агар паст рейтинг аниқланса, мигрант ҳар ойда қонунда белгиланган тартибда давлатга “мослашув тўлови”ни тўлаши шарт бўлади. Бу чора чет эл фуқаросининг рус тилини ўрганишга ундаш учун қўлланилади.
Шу билан бирга, тўлов миқдори мослашиш даври тугагандан сўнг (масалан, идентификация картаси олинган кундан бошлаб бир йил ўтгандан кейин) ошиши мумкин.
Казакова аввалроқ меҳнат муҳожирлари учун шахсий даромад солиғи бўйича чегирмалар жорий этишни таклиф қилган. Ушбу ташаббусга кўра, чет элликлар учун рус тилини билиш даражаси, Россия тарихи ва қонунчилик асосларини билиш даражасига қараб солиққа нисбатан чегирма коеффициенти жорий этилиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, Москвада православ черковларини қуриш дастурида Ўзбекистон Республикаси билан ишчи кучини ёллаш бўйича узоқ муддатли ҳамкорлик кўриб чиқилган эди.
Шунингдек, Россия Ички ишлар вазирлиги мамлакат Президенти ҳузуридаги тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича комиссари Борис Титовнинг мигрантлар учун меҳнат патентининг амал қилиш муддатини уч йилгача ошириш таклифига рози бўлган эди.
LiveБарчаси