Россия разведкаси АҚШ ва Украинанинг “ҳамтовоқ”ларини ўлдиришга уринган – ФҚБ
World
−
10:42 1163 3 minutes
Россия разведка хизматлари АҚШ ва Украинани қўллаб-қувватлаётган Европа давлатларида айрим шахсларни кузатиш ва ўлдиришни режалаштирган. Бу ҳақда АҚШ Федерал қидирув бюроси (ФҚБ) расмийлари маълум қилди.
Манхэттен федерал судида ошкор қилинган айблов хулосасига кўра, Россия разведка хизматлари билан боғлиқ тармоқ АҚШ ва бошқа давлатларда нишонга олинган шахсларни кузатиш ва кейинчалик ўлдириш учун одамларни ёллаган ҳамда уларга пул тўлашга уринган. Тармоққа жалб қилинган шахслардан, шунингдек, Украинага иттифоқчи деб қаралаётган Европа давлатларидаги фуқаролик ва ҳарбий инфратузилмаларга қарши террорчилик ҳаракатларини амалга ошириш сўралган.
Нью-Йоркдаги Федерал қидирув бюроси (ФҚБ) бўлими раҳбари Жеймс Барнакл ташкилот аъзолари Россия разведка хизматлари ва уларнинг ҳамкорлари билан биргаликда АҚШ ҳудудида ҳамда бутун дунёда одамларни қўрқитиш, таҳдид қилиш ёки ўлдириш учун тил бириктирганини айтган.
“ФҚБ тинмай меҳнат қилиш орқали бу режаларни барбод қилди”, деган у.
Вашингтондаги ФҚБ бўлими раҳбари Даррен Кокс ҳам бир нечта ФҚБ бўлимлари ва ҳамкор ташкилотларнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари Россиянинг АҚШ пойтахти ва мамлакат бўйлаб зўравонлик ҳаракатларини амалга оширишга уринишларини тўхтатганини билдирган. Унинг айтишича, таҳдид аниқланганидан сўнг ФҚБнинг Вашингтондаги бўлими ва ҳамкорлари режани тўхтатиш ҳамда Россия ҳукуматини ўз ҳаракатлари учун жавобгарликка тортиш мақсадида тезкор чоралар кўрган.
АҚШ федерал расмийларининг маълумотига кўра, Россия разведка хизматлари билан ҳамкорлик қилувчи шахслар тармоғи камида 2024 йилдан буён бутун дунё бўйлаб, жумладан АҚШ ҳудудида ҳам ҳужумлар ва қотилликларни режалаштирган ҳамда айримларини амалга оширган.
Расмийлар ушбу тармоқни Россиянинг дунё бўйлаб ташқи ҳужумларни, жумладан қотилликларни амалга ошириш учун ташкил этилган аппаратининг бир қисми деб атаган.
Аввалроқ тармоқ асосан Россия диссидентлари ва мамлакатдан қочиб кетган собиқ амалдорларни нишонга олган. Бироқ сўнгги вақтларда у Украинага иттифоқчи деб қаралаётган давлатларга эътибор қаратган.
Баёнотга кўра, яқинда тармоқ аъзолари АҚШ ҳудудида бир нечта одамни ёллашга уринган. Расмийларнинг айтишича, улар жорий йилнинг ёзида АҚШда яшовчи бир шахсни таниқли россиялик диссидентни кузатиш ва ўлдириш учун ёллаган.
Айблов хулосасида “АҚШ резиденти-1” деб кўрсатилган шахс нишонга олинган жабрланувчи билан боғлиқ икки манзилга юборилгани айтилган. Унга кузатувни қандай олиб бориш бўйича аниқ кўрсатмалар берилган ва бунинг эвазига 1 минг ҳамда 1,5 минг доллар миқдорида ҳақ ваъда қилинган.
АҚШ резиденти кузатув ишларини олиб бориб, нишонга олинган шахс билан боғлиқ манзилларнинг бир нечта фотосурати ва видеоларини айблов хулосасида кўрсатилган эркаклардан бирига тақдим этган.
Кейинчалик унга нишонни қотиллик йўли билан “йўқ қилиш” ёки “ғойиб қилиш” учун 40 минг доллар таклиф қилинган. Бироқ АҚШ резиденти бу таклифни рад этган.
Айблов хулосасида айтилишича, таклиф рад этилгач, уни берган Россия разведка хизмати аъзоси АҚШ ҳудудида бу ишни бажариш учун бошқа бир нечта одамни жалб қилишга уринган. Бунинг учун уларга катта миқдорда пул таклиф қилинган.
Мазкур иш бўйича жами 5 кишига нисбатан айблов эълон қилинган, бироқ уларнинг ҳеч бири ҳозирча қўлга олинмаган.
Live
AllRonaldu “Al-Nasr” klubini sotib olmoqchi
15 September