Россия Одесса ва Харьковга дрон ҳужуми уюштирди. Қурбонлар бор
Олам
−
02 Март
7144Бугун, 2 мартга ўтар кечаси Россия қўшинлари Украинанинг Одесса ва Харьков вилоятларига учувчисиз самолётлардан зарбалар берди. Бу ҳақда вилоятлар раҳбариятлари ўзларининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида маълум қилди.
Одесса вилояти ҳарбий бошқармаси раҳбари Олег Кипернинг Telegram-каналида ёзишича, дрон ҳужуми оқибатида икки киши ҳалок бўлган, яна етти киши, жумладан 3 яшар бола ва ҳомиладор аёл жароҳатланган. Ҳужум оқибатида 18 хонадонли кўп қаватли уйнинг кириш қисми вайрон бўлган.
Қутқарув ишлари давом этмоқда. Полиция маълумотларига кўра, мазкур уйда яшовчи етти нафар шахс билан ҳалигача алоқа йўқ.
Одесса мэри Геннадий Трухановнинг сўзларига кўра, дрон ҳужуми оқибатида кўп қаватли тураржой биноларига зарар етган. Бундан ташқари, коммунал тармоқлар ва қозонхона шикастланган, яқин атрофдаги уйлар иситишдан узилган.
"Бу аҳоли зич жойлашган ҳудуд. Бу шунчаки даҳшатли. Воқеа жойида қутқарувчилар ва фавқулодда хизматлар ишламоқда. Вайроналар тозаланмоқда", деб ёзди Труханов Telegram-каналида.
Харьковда эса камикадзе дронининг ҳужуми оқибатида иккита машина “ёниб кетган”, гаражлар ҳам шикастланган, бир нечта кўп қаватли уйларнинг ойналари синган.
Харьков вилоятининг Великий Бурлук қишлоғида Shahed типидаги ҳужумчи дрон хусусий тураржой биносига бориб урилгани оқибатида 76 ёшли эркак ҳалок бўлган, унинг уйи ҳам бутунлай вайрон бўлган.
Украина жанубий мудофаа кучлари Россия Одесса вилоятига тўғридан тўғри Қора денгиздан учирилган саккизта Shahed-131/136 камикадзе-дронлари билан ҳужум қилгани ҳақида хабар берди.
“Ушбу учувчисиз самолётлардан еттитаси ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари томонидан уриб туширилган”, дейилади хабарда.
Россия томони эса Украинага учувчисиз самолётларнинг сўнгги ҳужумига ҳозирча изоҳ бермади.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 1 март куни кечқурун Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрига дрон ҳужуми бўлганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь