Россия мигрантлар ортидан фойда кўришнинг янги йўлини топди
Жамият
−
15 Сентябрь 2020
15371Россия Федерациясига меҳнат муҳожирлари учун аванс солиғини жорий этиш таклиф қилинмоқда. Бу ҳақда мамлакат Ички ишлар вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган “Миграция масалалари тўғрисидаги” янги федерал қонун лойиҳасида белгиланган.
Янги қонунда қайд этилишича, ушбу солиқни тўлаш учун электрон патент расмийлаштириш талаб қилинади. Меҳнат мигрантини ёлламоқчи бўлган иш берувчилар шахсий кабинетда рўйхатдан ўтиб, махсус шаклни тўлдириши ва хорижий ишчи кучини жалб қилувчи иш берувчилар реестрига (РРПИРС) қўшилиш учун аризани электрон шаклда тўлдириши керак бўлади.
Мазкур қонун лойиҳасига мувофиқ, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи қатъий аванс тўлови шаклида тўланмаган тақдирда, мигрантларга 15 кун ичида солиқни тўлаш ҳақида хабарнома жўнатилади. Ушбу сўров бажарилмаса, чет эл фуқаросининг Россияда ишлаши тақиқланиши ёки мамлакатдан чиқариб юборилиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йил 1 январга қадар Ўзбекистонда Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлигининг паспорт-виза хизмати ваколатхонаси очилади ҳамда ушбу ваколатхонада патентни тайёрлаш, расмийлаштириш ва бериш хизматлари кўрсатилади.
Маълумот учун, Россия мигрантларга патент бериш орқали йилига бир неча миллиард рубль фойда оляпти. 2019 йилда хорижий фуқаролардан патент учун солиқ кўринишидаги даромаддан бюджетга тушум 18 миллиард рубль (292 миллион доллар)га етди. 2020 йилдан чет эллик ишчилар патент учун ойига 5350 рублдан тўлайдиган бўлган.
Aҳрорбек Ҳайруллаев
LiveБарчаси