Россия коронавируснинг янги тўлқинига тайёрланмоқда – “Reuters” 

Олам 6000
image

Россия ҳукумати 2022 йилнинг январь-февраль ойларида мамлакатда коронавирус инфекцияси билан касалланишнинг яна бир ўсишини кутмоқда. Бу ҳақда “Reuters” агентлиги Кремлга яқин манбаларга таяниб хабар берган.  

Таъкидланишича, коронавируснинг “omicron” вариантининг тарқалиши янги тўлқинни келтириб чиқаради. Прогнозларга кўра, Янги йил байрамларидан кейин касалланиш даражаси кунига 50 минг ҳолатдан ошиши мумкин. 

Ҳозирга қадар, федерал штаб-квартиранинг расмий маълумотларига кўра, мамлакатда пандемиянинг энг юқори чўққиси 2021 йил 6 ноябрь кунидаги ҳолат бўлиб қолмоқда, ўшанда 41 335 бемор аниқланган. 

Ўшандан бери кунлик касалланиш кўрсаткичлари пасайиб бормоқда ва декабрь ойининг охирига келиб улар кунига 21 минг ҳолатни сақлаб қолмоқда. 

Расмий равишда Россияда 103 та “omicron” инфекцияси қайд этилган. Роспотребнадзор раҳбари Анна Попова мамлакатда коронавируснинг янги версияси тарқалишини муқаррар деб атаган. 

Шу билан бирга, Кремлдаги манбаларнинг таъкидлашича, “omicron” билан касалликнинг бориши “дельта”га қараганда осонроқ кўринмоқда. 

“Оmicron” “дельта”дан кўра камроқ шифохонага ётқизилишга олиб келиши кутилмоқда, унда одамлар шунчаки уйда ўтиради”, дейилган хабарда. 

Маълумот ўрнида, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти раҳбари Тедрос Адҳаном Гебрейесус “дельта” билан бирга айланиб юрувчи “omicron” бутун дунё бўйлаб касалликнинг янги ҳолатларининг “цунами”сига олиб келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган. Қўшма Штатлар ва Европада коронавируснинг кунлик касалланиши бўйича янги рекордлар аллақачон аниқланган.

Рушана Султонова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 178
Рейтинг: 2.9
t
×