Россия Киевни обрўсизлантириш учун “Майдан-3”ни ишга туширмоқчи – Украина разведкаси
Олам
−
28 Февраль
12802Россия разведка хизматлари Украина ҳукумати қонунийлигига путур етказиш ва жамиятда низо келтириб чиқариш мақсадида Украинада “Майдан-3” операциясини ўтказиш ниятида. Бу ҳақда Украина Президенти ҳузуридаги Разведка қўмитасига таяниб, Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Бош разведка бошқармаси хабар берди.
“Россия кенг кўламли босқинчилик урушини бошлаганидан икки йил ўтиб, Украина ўзининг давлат, миллат, эркин ва тенг ҳуқуқли жамият сифатида мавжудлиги учун объектив таҳдидга дуч келди”, дейилади бошқарма баёнотида.
Қайд этилишича, Россиянинг асосий мақсади Украина сафарбарлигини бузиш, Украинанинг ғалаба қозона олмаслиги ҳақида дезинформация тарқатиш, дунёдаги шериклар ва иттифоқчилар ўртасида Украинадан чарчаш ҳақида сохта хабарлар яратиш ва тарқатишдир.
“Россияликларнинг глобал халқаро мақсади дунёда украинапараст коалиция томонидан мамлакатимизга ёрдамни камайтиришдир. Украина ичидаги россияликларнинг мақсади – украиналикларни руҳий тушкунликка тушириш, аҳоли ўртасида ваҳима чиқариш ва ҳаммани, шу жумладан, мамлакат сиёсий раҳбарияти ва фуқаролик жамияти вакилларини бир-бирига қарши қайрашдир", дейилади хабарда.
Қўмита Россия разведка хизматлари гибрид урушлар ўтказишда катта тажрибага эга эканини ва бунга оддий урушдан кўра камроқ маблағ сарфлашини таъкидлади.
“Украина Президенти ҳузуридаги Разведка қўмитаси хабар қилганидек, ўтган йилнинг ноябрь ойида “Майдан-3” махсус операцияси доирасида Россия биргина Telegram платформасида Украинага қарши кайфиятни тарқатиш учун деярли 250 миллион доллар сарфлаган. Операция учун умумий бюджет астрономик 1,5 миллиард долларни ташкил этди. Бу Россия махсус хизматларининг тарихдаги энг қиммат "ҳаракати"дир”, дейилади ҳисоботда.
Шу билан бирга, Украина махсус хизматлари “Майдан-3” махсус операцияси 2024 йилнинг март-май ойларида ўзининг энг юқори чўққисига чиқишини прогноз қилмоқда.
Таъкидланишича, Россия махсус хизматлари Украинада 20 майдан кейин қабул қилинган ҳукумат қарорларининг қонунийлигини шубҳа остига қўйишни, ваҳима ва умидсизликни тарқатишни, тинч аҳоли ва ҳарбий хизматчиларни сунъий равишда қарама-қарши қўйишни, Украина ва унинг иттифоқчилари ўртасидаги жанжални ва турли “фитна назарияларини” тарқатишни режалаштирмоқда.
“Шунингдек, россияликлар Украинада ва бутун дунёда "ўз таъсир агентлари" орқали турли норозилик акцияларини уюштиришга таянади ва ҳарбий асирларни алмашиш жараёнини атайлаб обрўсизлантиради”, деб ишонади Киевдаги разведкачилар.
Россия Федерациясининг режаларига кўра, июнь ойининг биринчи ярмида Украинадаги вазият силкинади ва шундан фойдаланиб, мамлакат шарқда ҳарбий мағлубиятга учрайди. Украина махсус хизматларига кўра, операциянинг асосий мақсади ҳам шу.
Киевнинг Москва Украинадаги вазиятни «парчалаш»га уринаётгани ҳақидаги баёнотларига изоҳ берар экан, Кремль воизи Дмитрий Песков Киевдан мунтазам равишда турли айбловлар ва баёнотлар келиб туришини, шунинг учун Москва ҳамма нарсага жавоб бера олмаслигини айтган.
“Биз ҳозир Украинада ҳам сайловлар, ҳам мамлакат раҳбариятининг кейинги қонунийлиги бўйича кўплаб қарашлар мавжудлигини кузатмоқдамиз. Шунинг учун у ерда ҳеч қандай ёрдам керак эмас, у ерда тебраниш жараёнлари ўз-ўзидан пишиб бормоқда", дейди Президент Путиннинг матбуот котиби.
Маълумот учун, "Майдан" сўзи очиқ майдон ёки парк деган маънони англатади. Киевнинг марказий майдони, “Майдан Незалежности” ёки оддийгина Майдан бутун дунёга машҳур бўлиб, шу ерда Украина учун энг муҳим воқеалар турли вақтларда содир бўлган. Майдан, расмий нуқтаи назардан, Киев марказида жойлашган Мустақиллик майдони ҳудудининг бир қисмидир. Айнан у ерда 2004 ва 2013-2014 йилларда норозилик намойишлари бўлиб ўтган.
2004 йилда Виктор Янукович ва Виктор Юшенко президентлик учун курашган. Янукович сайловларда ғалаба қозонди, аммо уни овозларни сохталаштиришда айблашди. Мамлакатда оммавий норозилик намойишлари бошланди. Митинглардан сўнг овоз беришнинг иккинчи босқичи бўлиб ўтди, Юшенко ғалаба қозонди. У 2010 йилгача Президент сифатида ишлади. Кейин унинг ўрнини Янукович эгаллади.
2013 йилда Украина раҳбари Россия ва МДҲ давлатлари билан муносабатларни мустаҳкамлашга қарор қилди ва шу боис Европа Иттифоқи билан эркин савдо соҳасида ҳамкорликка тайёргарликни тўхтатди. Бу Украинада яна оммавий норозиликларни келтириб чиқарди. 2014 йилда қуролли тўқнашувларда 104 намойишчи ва 17 хавфсизлик кучлари ҳалок бўлди. Кейин Янукович Киевдан қочиб кетди. Унинг ўрнини Пётр Порошенко эгаллади.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг ноябрь ойида Украина Президенти Владимир Зеленский Россиянинг мамлакатда “Майдан-3” ташкил этиш ва Зеленскийни лавозимидан четлаштириш режаси борлигини айтганди. Зеленский “Майдан-3” операциясини 2023 йил охиригача амалга ошириш режалаштирилганини, унинг тафсилотлари ўзгариши мумкинлиги ва асосий мақсад Президентни жисмонан йўқ қилишга қаратилмаганини маълум қилган.
LiveБарчаси