Россия Харьковдаги тўртта қишлоқни эгаллаб олганини эълон қилди
Олам
−
12 Май
9726Россия Харьков вилоятидаги Гатише, Красное, Мороховец ва Олейниково қишлоқлари назоратга олди. Бу ҳақда Россия Мудофаа вазирлиги бугун, 12 май куни маълум қилди.
Қайд этилишича, Россия армияси Украинанинг Волчанск, Дегтярний ва Казачье Лопани яқинидаги позицияларига зарбалар берган.
Украина Қуролли кучлари бош қўмондони Александр Сирский жорий ҳафтада минтақадаги вазият сезиларли даражада ёмонлашганини тасдиқлади.
“Ҳозирда чегара ҳудудларида жанглар давом этмоқда. Вазият оғир, бироқ Украина мудофаа кучлари мудофаа чизиғи ва позицияларини ушлаб туриш ва душманни мағлубиятга учратиш учун ҳамма ишни қилмоқда”, деб ёзди у Telegram-каналида.
Харьков вилояти ҳарбий бошқармаси бошлиғи Олег Синегубовнинг айтишича, Россия жанговар ҳаракатларни кучайтирган ҳудудлардан аҳолини эвакуация қилиш давом этмоқда.
“Тинч аҳолининг ҳаёти ва соғлиғига таҳдид мавжуд бўлган аҳоли пунктларидан икки кундан ортиқ вақт ичида 4000 дан ортиқ одам эвакуация қилинди”, дейди у.
Бир кун аввал Россия Мудофаа вазирлиги Россия ҳарбийлари Харков вилоятидаги бешта аҳоли пункти – Борисовка, Огурцово, Плетеневка, Пильная ва Стрелечьяни эгаллаб олгани ҳақида хабар берган эди. Шу билан бирга, Украина Президенти Владимир Зеленский Украина Қуролли кучлари чегара қишлоқлари ҳудудида мудофаасини давом эттираётганини айтди.
Эслатиб ўтамиз, 10 май куни Россия ҳарбийларининг Харьков вилояти чегарасига ҳужуми бошланганди. Президент Владимир Зеленский Ғарбдаги ҳамкорларини Украина ҳимоячиларига ваъда қилинган қуролларни ўз вақтида етказиб беришда қўллаб-қувватлашни давом эттиришга чақирди. АҚШ Президенти Жо Байден эса Киевга 400 миллион долларгача ҳарбий ёрдам ажратиш ҳақидаги фармонни имзолади. Шунингдек, АҚШ Давлат департаменти Украинага учта HIMARS қурилмасини зудлик билан сотишга рухсат берди. Буюк Британия Мудофаа вазирлиги эса Украинага уруш бошланганидан бери энг катта ҳарбий ёрдам пакетини тақдим этишини эълон қилди. Ёрдамнинг навбатдаги партияси тўрт миллион ўқ-дори, 1600 дан ортиқ зарба берувчи ва зенит-ракеталар, шунингдек, 400 та техника, жумладан, 162 та зирҳли техника ва 78 та ер усти техникасидан иборат бўлади.
Ўтган тунда Украина томонидан Россия Федерацияси ҳудудидаги нишонларга самолёт типидаги дронлар ва “Точка-У” оператив-тактик ракеталаридан фойдаланган ҳолда ҳужумлар уюштирди. Белгород шаҳрида кўп қаватли уйнинг кириш қисми қулаб тушди.
LiveБарчаси