Россия қозоқ нефтини Европага ўтказишни тўхтатиб қўйди

Олам 32933
image

Россия Қозоғистон нефтини Новороссийск портининг нефть терминали орқали ташишни аввал қисқартирди, кейин эса буткул тўхтатди. Бу ҳақда “Коммераснть” хабар берди.

Қайд этилишича, Новороссийск портида Иккинчи жаҳон уруши давридан қолган 50 та потенциал хавфли ўқ-дорилар топилган, уларни зарарсизлантириш керак. Улар Каспий қувурлари консорциумининг юк тушириш иншоотлари ёнида жойлашган. 

“Коммерсантъ”нинг бир нечта манбаларига кўра, 16 июнь куни консорциумнинг ўрнатиш бўлинмаларига туташган акватория уларни ўрганиш бўйича иш олиб бориш мақсадида кема ҳаракати учун бутунлай ёпилган, бу эса юк ташишнинг тўхтаб қолишига олиб келган.

Навбатдаги миналардан тозалаш ишлари 20 июнга белгиланган. Иш ой охиригача давом этади. Аввалроқ, нефть жўнатиш қисқартирилган, ҳозир эса буткул тўхтатилган. 15 июнь куни Новороссийск портининг ички сувларида Иккинчи жаҳон урушининг учта торпедаси аллақачон зарарсизлантирилган эди.

Каспий қувурлари консорциуми нефть қувурининг узунлиги 1511 км. Лойиҳанинг қуввати йилига 67 миллион тонна нефтни ташкил этади. Бу йўналиш нефтни Қозоғистондан Ғарбий бозорларга олиб чиқиш учун асосий йўналиш ҳисобланади. Хусусан, Қозоғистоннинг умумий экспорт нефтининг учдан икки қисмидан кўпроғи ушбу йўналиш бўйлаб ташилади. Мутахассисларнинг фикрича, таъмирлаш ишларининг уч ҳафтаси давомида жаҳон бозори кунига 1 миллион баррелга яқин нефть йўқотган.

Каспий қувурлари консорциуми — бу узунлиги 1,5 минг километрдан ортиқ бўлган магистрал қувур линиясини қуриш ва ишлатиш учун яратилган Россия, Қозоғистон, шунингдек, дунёнинг етакчи ишлаб чиқарувчи компаниялари иштирокидаги энг йирик халқаро нефть ташиш лойиҳаси.

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 1390
Рейтинг: 2.9
t
×