Россия газини Ўзбекистонга октябрдан етказиб беришга келишилди
Жамият
−
19 Июнь 2023
8936Петербург Халқаро иқтисодий форуми доирасида Россия газини Ўзбекистонга етказиб бериш бўйича шартнома ҳамда республика газ-транспорт тизимини ушбу газни қабул қилишга тайёрлаш бўйича “йўл харитаси” имзоланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Энергетика вазирлиги маълум қилди.
Айтилишича, газ олди-сотдиси бўйича шартнома “UzGastrade” АЖ ва “Gazprom eksport” МЧЖ ўртасида 2 йил муддатга тузилган бўлиб, уни ишончнома асосида Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазири Ж.Мирзамаҳмудов ва “Газпром” ОАЖ бошқаруви раиси А.Миллер имзолаган.
Билдирилишича, шартнома тўлиқ тижорий шартларда ишлаб чиқилган. Шартнома доирасида жорий йилнинг 1 октябридан кунига 9 миллион кубометр табиий газни импорт қилиш бошланиши мўлжалланмоқда. Йиллик ҳажм эса қарийб 2 миллиард 800 миллион кубометрни ташкил этади.
Имзоланган “йўл харитаси”га мувофиқ, аввал табиий газ “Ўрта Осиё – Марказ” магистрал газ қувури орқали Қозоғистондан транзит билан Россияга юборилганлиги ва эндиликда газнинг реверс режимида (тескари оқимда) Ўзбекистонга етказилишини, шунингдек, Ўзбекистон ҳудудида янги газ ўлчаш станцияси қурилишини ҳисобга олган ҳолда белгиланган тадбирларни жорий йилнинг сентябрь ойига қадар якунлаш режалаштирилган.
Жумладан, “йўл харитаси” доирасида республика газ-транспорт тизимидаги 3 та газ ҳайдаш ускунаси янгиларига алмаштирилиши ва 11 та турли русумдаги газ ҳайдаш ускунасида мукаммал таъмирлаш ҳамда тиклаш ишлари бажарилиши белгиланган. 22 километрлик янги магистрал газ қувурлари қурилиши ва 56 километрлик газ қувурлари таъмирланиши режалаштирилган.
Шунингдек, QazaqGaz ва “Газпром” ўртасида ҳам Россия табиий газини Ўзбекистон истеъмолчиларига ташиш бўйича келишув имзоланган. Қозоғистон вакиллари Россия томони билан газ етказиб бериш, қайта ишлаш ва ташиш соҳасида яқин ҳамкорликни ҳам муҳокама қилган. Шу билан бирга форум давомида Қозоғистон ва Россия Энергетика вазирлари йилига 10 миллион тонналик Россия нефтини транзит қилиш бўйича ҳукуматлараро келишувларни 2033 йил охиригача узайтирган.
Бундан ташқари, “Интер РАО” ОАЖ билан учрашувда томонлар электр энергияси етказиб бериш ва кўмир электр станцияларини модернизация қилиш бўйича ҳамкорлик имкониятларини муҳокама қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ҳам “Газпром” 2023 йилнинг тўртинчи чорагида Қозоғистон орқали Ўзбекистонга газ етказиб беришни бошлаши айтилганди. Жорий йилнинг 24 январда Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ва Россиянинг “Газпром” компанияси рахбари Алексей Миллер ўртасида ишчи учрашув бўлиб ўтиб, томонлар ўртасида “йўл харитаси” имзоланган эди. 9 февраль куни “Газпром” раҳбари Алексей Миллер ҳамда Ўзбекистон ва Қозоғистон Энергетика вазирлари Жўрабек Мирзамаҳмудов ва Болат Ақчулаков музокаралар ўтказди. Унда Россия газини Қозоғистон орқали Ўзбекистонга етказиб беришни ташкил этиш бўйича уч томонлама ишчи гуруҳининг дастлабки техник баҳолари муҳокама қилинди. Таҳлилчилар эса 6 млрд куб метр газ олиш Ўзбекистонга ўз эҳтиёжларини қондириш имконини бериши, бироқ бу Хитойга газ экспорти бўйича шартномани тўлиқ бажариш учун етарли бўлмаслигини билдирди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь