Россия фуқаролигини олган 900 дан ортиқ мигрант ҳарбий рўйхатга олинди
Олам
−
15 Апрель
58992024 йилнинг биринчи чорагида Россияда терговчилар ҳарбий комиссарлик ва ички ишлар бошқармалари вакиллари билан биргаликда Свердловск вилоятининг бир қатор шаҳарларида мамлакат фуқаролигини олган, аммо ҳарбий хизматда рўйхатдан ўтмаган шахсларни аниқлаш мақсадида рейдлар ўтказди. Бу ҳақда “Интерфакс” хабар берди.
Маълум қилинишича, 2024 йилдан буён Свердловск вилоятида ўтказилган рейдлар давомида ушбу тоифадаги 1340 нафардан ортиқ шахс аниқланган, уларга зудлик билан рўйхатдан ўтган жойидаги ҳарбий комиссарликка чақирув қоғози берилган.
“Жами биз яқинда Россия фуқаролигини олган 920 дан ортиқ кишини рўйхатга олишга муваффақ бўлдик, улардан 130 дан ортиғи Россия Федерацияси Қуролли кучлари сафига чақирув ва шартнома бўйича ҳарбий хизматга жўнаб кетган”, дея қайд этган нашр Тергов қўмитасига таяниб.
Бундай рейдлар Екатеринбург, Нижний Тагил, Первоуральск, Богданович ва Сухой Лог шаҳарларида меҳнат муҳожирлари оммавий тўпланадиган жойларда – озиқ-овқат бозорлари, улгуржи сабзавот омборлари, ётоқхоналарда ўтказилган.
Шунингдек, Россия Ички ишлар вазирлиги Москвадаги рейддан кейин 800 дан ортиқ ноқонуний мигрантлар депортация қилингани ҳақида хабар берганди.
Қайд этиш жоиз, Россияда ноқонуний муҳожирларга қарши рейдлар “Крокус Сити Ҳолл”даги терактдан сўнг кучайди.
Эслатиб ўтамиз, апрель ойи бошида Россия Президенти Владимир Путин жамоат тартибини сақлаш, экстремизмга қарши курашиш ва ноқонуний миграцияга чек қўйиш масалаларига эътибор қаратиш бўйича топшириқ берганди.
LiveБарчаси