Москвадаги рейддан кейин 800 дан ортиқ мигрант депортация қилинди
Олам
−
10 Апрель
7291Москвада ноқонуний миграцияга қарши кураш бўйича ўтказилган рейд давомида полиция 6 мингдан ортиқ қоидабузарликларни аниқлаб, 800 дан ортиқ ноқонуний мигрантни Россиядан чиқариб юборишга қарор қилди. Бу ҳақда Россия Ички ишлар вазирлиги маълум қилди.
Полициянинг аниқлик киритишича, рейд давомида хавфсизлик кучлари томонидан уй-жой сектори, улгуржи ва чакана савдо, умумий овқатланиш шохобчалари, қурилиш ва бошқа объектлардаги 10 мингдан ортиқ объект кўздан кечирилган. Натижада 6 мингдан ортиқ миграция қонунчилиги бузилиши аниқланиб, Маъмурий Кодекснинг 18.8-моддаси (хорижий фуқаронинг кириш қоидаларини бузиши) бўйича 4,5 мингдан ортиқ, 18.9-моддаси (хорижий фуқаронинг мамлакатда бўлиш қоидаларини бузиши) бўйича 500 дан ортиқ, 18.10-моддаси (чет эл фуқароси томонидан ноқонуний ишга жойлашиш) бўйича 350 дан ортиқ баённомалар тузилган.
“502 иш берувчи Россия Федерацияси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 18.15-моддасига асосан жавобгарликка тортилди. Шунингдек, давом этаётган тадбир доирасида ИИБ ходимлари томонидан қидирувда бўлган 22 нафар шахс аниқланди. 836 нафар чет эл фуқаросини Россия Федерациясидан маъмурий чиқариб юбориш тўғрисида қарор қабул қилинди”, дейилади ИИВ хабарида.
Шунингдек, суриштирув ва дастлабки тергов органлари томонидан ноқонуний миграцияни ташкил этиш бўйича 192 та жиноий иш қўзғатилган. Шундан 14 таси ноқонуний миграцияни ташкил этиш, 110 таси мигрантларни сохта рўйхатга олиш ва ҳисобга қўйиш, 68 таси ҳужжатларни қалбакилаштириш билан боғлиқ.
Эслатиб ўтамиз, 2 апрель куни Россия Президенти Владимир Путин Ички ишлар вазирлиги коллегиясининг кенгайтирилган йиғилишида ноқонуний миграцияга чек қўйиш масалаларига эътибор қаратиш бўйича топшириқ берганди.
LiveБарчаси