Россия фронтга қўшимча ярим миллион аскарни сафарбар қилмоқчи – Украина
Олам
−
07 Февраль 2023
6943Россия яқин ойларда ярим миллионгача бўлган қўшимча аскарларни шарқий фронтга сафарбар этишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Украина марказий мудофаа разведкаси тарқатган маълумотларга асосланиб, “CNN” нашри хабар бермоқда.
Украина мудофаа разведкаси бошлиғи ўринбосари Вадим Скибитскийнинг айтишича, жорий йилнинг баҳор ва ёз ойларида рус-украин фронти бўйлаб янги ҳужум амалиётларини ўтказиш учун Россия 300-500 минг кишини сафарбар қилиш ниятида. Улар жанубий ва шарқий ҳужум нуқталарида тўпланади.
“Октябрь ойида сафарбар қилинган 300 мингга қўшимча равишда яна 500 минг аскар чақирилиши мумкин. Бу Путиннинг урушни яқин орада тугатиш нияти йўқлигини исботлайди. Россия ҳужуми Донетск ва Луганск вилоятларида, балки Запороже вилоятида ҳам содир бўлиши мумкин. Рус қўшинлари Херсон вилояти ва Қримда мудофаага ўтади. Янги сафарбарлик тўлқини икки ойгача давом этади”, дейди Скибитский.
Россия расмийлари қўшимча сафарбарлик режалаштирилаётгани борасидаги даъволарни доимо рад этиб келади. Бироқ декабрь ойида Россия ҳарбий раҳбарлари йиғилишида Мудофаа вазири Сергей Шойгу келаси уч йил давомида қуролли кучларни ҳозирги сонини 1,15 миллиондан 1,5 миллион нафаргача жанговар хизматчилар билан кучайтиришни таклиф қилган эди. Шойгунинг фикрича, бу Россиянинг ҳарбий хавфсизлиги билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш кафолати сифатида жуда муҳим.
LiveБарчаси