Россия фронтда КХДР ўқ-дориларига қарам бўлиб қолган – “Reuters”
Олам
−
16 Апрель
2845Россия армияси Украинадаги урушда Шимолий Кореядан етказиб берилаётган артиллерия ўқ-дориларига ниҳоятда боғлиқ бўлиб қолган. Пхеньян ўртача ҳисобда Россия қўшинларини зарур снарядларнинг ярми билан таъминламоқда. Айрим бўлинмалар эса бу борада Шимолий Кореяга 100 фоиз боғлиқ ҳолда жанг қилмоқда. Бу ҳақда ўзи ўрганган Россия армияси ҳисоботларига таяниб, “Reuters” хабар берди.
Икки ҳужжатда айтилишича, артиллерия бўлинмалари бир кун тўлиқ КХДР снарядларидан фойдаланган, бошқа бир кунда эса уларнинг улуши умумий ўқлар сонининг 75 фоизини ташкил этган. 2023 йил ёзида Запорожье вилоятидаги бир бўлинма Д-20 гаубицаларида ишлатилган снарядларнинг ярми Шимолий Кореяда ишлаб чиқарилганини, шунингдек, учирилган 122 мм ракеталарнинг 100 фоизи КХДР маҳсулоти бўлганини билдирган. Ҳисоботларда Шимолий Кореядан олинган ўқ-дорилар захираси жуда катта экани ҳам қайд этилган.
“Open Source Centre” (OSC) тадқиқот маркази маълумотига кўра, 2023 йил сентябрдан жорий йил мартигача Шимолий Корея Россияга 64 маротаба жами 16 минг контейнер ўқ-дори юборган. Бу снарядлар “Ангара”, “Мария”, “Мая-1” ва “Lady R” кемалари орқали КХДРнинг Раджин портидан Россиянинг Шарқий ва Дунай портларига етказилган. Сўнгра улар темирйўл орқали Украина чегарасига яқин омборларга жўнатилган. OSC'га кўра, Пхеньян Москва ихтиёрига 4-6 миллион снаряд берган бўлиши мумкин. Бу Россиянинг ўз ишлаб чиқариш қувватига катта қўшимча бўлиб, Ғарб расмийлари 2024 йилда бу қувватни 2-2,3 миллион дона снаряд деб баҳолаган.
Пхеньян, шунингдек, узоқ масофали артиллерия, реактив ўт очиш тизимлари ва баллистик ракеталарни ҳам топширган. Украина разведкаси баҳосига кўра, Шимолий Корея Россияга 120 дона узоқ масофали ўзиюрар артиллерия қурилмаси, 120 дона ўт очиш тизими ва 148 дона КН-23 ҳамда КН-24 баллистик ракетасини етказган.
Ғарб таҳлилчилари ва Украина ҳарбийларига кўра, Шимолий Корея томонидан етказиб берилган ўқ-дорилар Россияга артиллерия устунлигини таъминлаган. Бу айниқса, 2022 йил охиридан бошлаб уруш позицион тус олганидан кейин яққол кўзга ташланган. Украина Мудофаа вазирлигининг Бош разведка бошқармасининг хабар беришича, агар Шимолий Корея ёрдам бермаганида, Россия армиясининг Украина мудофаа позицияларига қилган артиллерия зарбалари икки баробарга камайган бўларди.
БМТнинг Шимолий Кореяга нисбатан санкцияларни назорат қилувчи экспертлар гуруҳига раҳбарлик қилган Хью Гриффитс бу ҳолатни тасдиқлаган.
“Ким Чен Иннинг ёрдамисиз, Президент Владимир Путин Украинадаги урушни давом эттира олмаган бўларди”, дейди у.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШнинг Ҳинд-Тинч океанидаги кучлари қўмондони адмирал Самуэль Папаро Сенат Қуролли кучлар қўмитасига берган баёнотида Шимолий Корея ҳукумати рус армиясига юзлаб қисқа масофали баллистик ракеталар ва юз минглаб артиллерия снарядларини етказиб бераётганини айтган эди. Унга кўра, Шимолий Кореянинг Россияга қурол-яроғларни етказиб беришни кенгайтиргани минтақавий барқарорликка тобора кўпроқ таҳдид солмоқда.
LiveБарчаси
Самарқандда даҳшатли авария содир бўлди.
24 Апрель