Россия Финляндия НАТОга интилаётгани учун илк “зарба”ни беришга яқин – ОАВ
Олам
−
13 Май 2022
19924Финляндия сиёсатчилари мамлакатнинг НАТОга қўшилиши эҳтимолини ҳисобга олиб, Россиядан газ етказиб беришни тўхтатиш эҳтимоли ҳақида огоҳлантирилди.
“Россия жума куни (бугун) газ таъминотини тўхтатиши мумкин. Асосий сиёсатчилар Финляндиянинг НАТОга қўшилиш истаги муносабати билан Россиянинг жавоб ҳаракатлари тўғрисида огоҳлантирилди”, деб ёзади "Iltalehti" газетаси.
“Ҳақиқий Финлар” партияси парламент гуруҳи раиси Вилле Тавио газетага мамлакатдаги сиёсатчилар Россия жавобининг турли вариантлари ҳақида хабардор қилинганини тасдиқлади.
“Биз бунга тайёрмиз ва бу содир бўлиши мумкинлигини биламиз”, дея унинг сўзларини келтиради нашр.
Депутат Харри Харкимо ҳам худди шундай баёнот билан чиқди.
Нашрнинг қайд этишича, аввалроқ Финляндияда рус газини етказиб беришнинг тўхтатилиши 23 май куни Россия томонига навбатдаги тўлов вақтида юз бериши кутилган.Финляндияда газ асосан саноат мақсадларида ишлатилади. Энг катта фойдаланувчилар кимё ва ўрмон саноати корхоналари ҳисобланади. Финляндия Давлат мулки ва Европа Иттифоқи билан алоқалар вазири Тютти Туппурайнен 27 апрель куни Хелсинкида ёқилғи учун рублда тўлашни тўхтатиш бўйича сиёсий қарор қабул қилинганини айтган.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 12 май куни Финляндия Президенти ва Бош вазири мамлакат НАТОга қўшилишини қўллаб-қувватлаши маълум бўлди. НАТО ҳам бу давлатни ортиқча жараёнларсиз ташкилотга олишга тайёрлиги билдирилди.
Бунинг ортидан расмий Москва Финляндия НАТОга қўшилса, Россия жавоб чораларини кўришга мажбур бўлишини эълон қилди.
“Финляндиянинг НАТОга қўшилиши Шимолий Европа минтақасида барқарорлик ва хавфсизликни сақлашга ҳамда Россия-Финляндия икки томонлама муносабатларига жиддий зарар етказади. Россия ўз миллий хавфсизлигига бу борада юзага келадиган таҳдидларни тўхтатиш учун ҳам ҳарбий-техник, ҳам бошқа характердаги жавоб чораларини кўришга мажбур бўлади”, дейилади Россия ТИВ баёнотида.
Камронбей Кенжаев
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь