Россия элчисининг ўлдирилишида айбланган аёл қамалди
Олам
−
15 Август 2023
9865Россиянинг Анқарадаги элчиси Андрей Карловнинг ўлдирилиши бўйича айбланувчилардан бири Ойша Согют Туркияда қўлга олинди. У Карловнинг қотили Фатҳуллоҳ Гулен бошчилигидаги (ФЕТО) террорчилик ташкилоти аъзоси Мавлуд Мерт Олтинтошнинг “куратори” Шаҳин Согутнинг рафиқаси бўлган.
Аёл Туркиянинг Терроризмга қарши кураш бош бошқармаси томонидан Истанбулнинг Бейликдузу туманида қўлга олинган. Қидирувдаги Ойша Согют сиртдан 9 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди.
Согют қўлга олинган хонадонда ўтказилган тинтув чоғида мобил телефон, сим-карта ва электрон ахборот ташувчи воситалар топилган.
Россиянинг Анқарадаги элчиси Андрей Карловнинг ҳаётига суиқасд 2016 йилнинг 19 декабрь куни Анқара замонавий санъат марказида “Россия саёҳатчи нигоҳида: Калининграддан Камчаткагача” фотокўргазмаси очилишида содир бўлди. ФЕТО террор ташкилоти аъзоси, собиқ полиция ходими Мавлуд Мерт Олтинтош маҳаллий вақт билан соат 19:05да – элчи кўргазма очилишида нутқ сўзлаётган вақтда унинг орқасидан ўқ узди.
Таслим бўлиш талабига жавобан қотил яна ўт очган. Шундан сўнг махсус кучлар аскарлари террорчини йўқ қилган.
Тергов хулосасига кўра, оддий полициячи Россия элчисининг иш жадвали ҳақидаги маълумотга эга бўла олмайди, бу жиноят разведка тузилмаси кўмагида режалаштирилганлигини англатади.
Россия элчиси иштирокидаги тадбирлар жадвали ҳақидаги маълумотларни Олтинтошга Туркия Ахборот технологиялари ва алоқалари бошқармасининг собиқ ходими Шаҳин Согют бергани маълум бўлган.
Тергов Согютнинг телефонида Фатуллоҳ Гулен иштирокидаги видео, шунингдек, Карловнинг сурати ва Гуленнинг шериклари ишлатган шифрланган ёзишмалар дастурини топган.
2019 йил 8 январь куни Анқарадаги Ўта оғир жиноятлар бўйича иккинчи судда Россиянинг Анқарадаги элчисининг ҳаётига суиқасд иши бўйича суд жараёни бошланди. Прокуратура позицияси 2020 йил 5 мартда эълон қилинган ва якуний қарор 2021 йил 9 мартда қабул қилинган.
Суд ҳукмига кўра, судланувчилар Шаҳин Согют ва Солиҳ Йилмаз “Конституциявий тузумни ағдаришга уриниш” ва “Террорчилик мақсадида қасддан одам ўлдириш” моддалари бўйича икки умрлик муддатга қаттиқ режимдаги колонияга ҳукм қилинди.
Ойша Согют “Фатҳуллоҳ Гулен террор ташкилотига алоқадорлиги учун” 9 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди.
Қочқиндаги айбланувчилар, жумладан Фатҳуллоҳ Гулен иши алоҳида суд жараёнида кўрилади.
Россия Ташқи ишлар вазирлиги ушбу ҳодисани теракт деб хулоса қилган, Россия Федерацияси Тергов қўмитаси "Халқаро терроризм акти" моддаси билан жиноий иш қўзғаган.
Дипломат Карлов вафотидан кейин Россия Қаҳрамони унвонига сазовор бўлган.