Украинадаги кўнгиллилар ҳалок бўлгани сабабли Россия элчиси Парижга чақирилади

Олам

image

Франция Ташқи ишлар вазирлиги Россия элчисини мамлакатнинг Украинага ҳужуми оқибатида икки нафар француз кўнгиллиси ҳалок бўлганидан кейин ҳамда Париж Москвадан дезинформациянинг кўпайиши билан боғлиқ ҳолда чақиради. Бу ҳақда “Reuters” агентлиги француз дипломатик манбасига таяниб, хабар берди. 

Агентликка кўра, жорий йилнинг 1 февраль куни Украина жанубидаги Херсон вилоятида Россиянинг дрон ҳужуми оқибатида икки нафар француз кўнгиллиси ҳалок бўлган, яна уч нафари яраланган. Франция Ташқи ишлар вазири Стефан Сежурн ҳужумни “варварлик” деб атади.

“Франция Россия зарбаларини қоралашини яна бир бор такрорлайди”, дейди дипломатик манба.

Шунингдек, Сежурн Россияни Францияга қарши тизимли равишда дезинформацион кампания олиб боришда айблади.

Украинадаги урушнинг иккинчи йиллиги яқинлашар экан, сўнгги ҳафталарда Париж Киевни қўллаб-қувватлашни кучайтиргани, жумладан, узоқ масофага учувчи қанотли ракеталар юборишга ваъда берганидан сўнг, аллақачон бузилган Франция-Россия муносабатлари сўнгги ҳафталарда янада ёмонлашди.

Янги қурол-яроғ жўнатишлари эълон қилинганидан икки кун ўтиб, Россия Мудофаа вазирлиги 16 январь куни ўз қўшинлари Харьковдаги бинога уюштирган зарбада 60 га яқин француз ёлланма аскарини ўлдирганини, бироқ бу даъвони тасдиқловчи далиллар келтирмаганини маълум қилди.

Париж француз ёлланма аскарларининг Украинада жанг қилаётгани ҳақидаги ҳар қандай таклифни рад этди. Москванинг Украина ҳарбий асирларини олиб кетаётгани иддао қилинган Россия ҳарбий самолётини уриб туширган ракеталар Франция ҳаво мудофаа тизими томонидан отилган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги баёноти ҳам Парижда дезинформация деб аталди.

Франция Ташқи ишлар вазирлиги Президент Эммануэль Макроннинг февраль ойининг охирига режалаштирилган Украинага ташрифи олдидан Россиянинг янги дезинформацияси ҳақида огоҳлантирди.


Мақола муаллифи

Теглар

Париж Украина Россия элчиси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг