Россия элчиси сабаб Польшага яна бир талаб қўйди

Олам 21844
image

Польша элчиси Кшиштоф Краевски бугун, 11 май куни Россия Ташқи ишлар вазирлигига чақирилди. Унга расмий Москва 9 май куни Россиянинг Варшавадаги элчиси Сергей Андреевга уюштирилган ҳужум муносабати билан Польша расмийларидан расмий узр сўрашини кутаётгани маълум қилинди. Бу ҳақда ТАСС хабар берди.

“Краевскийга Россия томони воқеа юзасидан Польша раҳбариятидан расмий узр сўрашини кутаётгани ва Россия элчиси ва Польшадаги ташқи ваколатхоналари барча ходимлари хавфсизлигини таъминлашни талаб қилаётгани айтилди”, дейилади ТИВ баёнотида.

Ташқи ишлар вазирлиги таҳдидомуз тарзда Москванинг “кейинги қадамлари Варшава Россиянинг талабларига қандай муносабатда бўлишига қараб” қабул қилинишини таъкидлаган.

Вазирлик Польша томони Дипломатик алоқалар тўғрисидаги Вена конвенциясини қўпол равишда бузганини иддао қилган.

“Польша ундан (конвенциядан – таҳр.) келиб чиқадиган асосий мажбуриятлардан бирини бажармади – россиялик дипломатларнинг дахлсизлигини таъминламади”, деган Россия ТИВ.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 9 май куни Россиянинг Польшадаги элчиси Варшаванинг Жвирки ва Вигура кўчаларида жойлашган совет аскарларининг ҳарбий ёдгорлик қабристонига гул қўйишга келган вақтида бир гуруҳ шахслар томонидан унга қизил рангли бўёқлар улоқтирилди. Полиция аралашуви билангина дипломатик миссия вакиллари машинасига етиб олиб, воқеа жойини тарк этди.

Расмий Москва Россиянинг Польшадаги элчиси Сергей Андреевга уюштирилган ҳужум ва гулчамбар қўйиш маросимининг узилиши муносабати билан Варшавага кескин норозилик билдирди.

“9 май куни экстремистлар полициянинг тўлиқ ҳаракатсизлиги билан Варшавадаги Совет аскарлари қабристонига гул қўйиш маросимини тўхтатиб, Россия Федерациясининг Польшадаги элчиси Сергей Андреев ва дипломатик корпуснинг бошқа ходимларига нисбатан зўравонлик қўллашди. Польша ҳукуматига неонацист безориларни қўллаб-қувватлагани учун қаттиқ норозилик билдирилди”, дейилади ТИВ баёнотида.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 468
Рейтинг: 3
t
×