Россия дронлари НАТО ҳудудига кириши ортидан альянс операция бошлади

Олам

image

Россия дрони бу ҳафта Польша ҳаво ҳудудига кириб келганидан кейин Европа шарқий қанотини ҳимоя қилишни кучайтириш ташаббуси билан НАТО янги операцияни йўлга қўйди. Бу ҳақда кеча, 12 сентябрь куни НАТО Бош котиби Марк Рютте маълум қилди.

“Шарқий қўриқчи” (“Eastern Sentry”) операцияси яқин кунларда бошланади ва унда Дания, Франция, Буюк Британия, Германия ва бошқа давлатлар иштирок этади.

“Шарқий қўриқчи” позициямизни янада кучли ва мослашувчан қилади ҳамда мудофаа иттифоқи сифатида биз ҳар доим ҳимояга тайёр эканимизни очиқ кўрсатади”, деди Рютте.

Рюттега кўра, 10 сентябрь куни Россия дронларининг “хавфли ва қабул қилиб бўлмайдиган” ҳаво ҳужуми “ягона ҳолат” эмас.

“Россиянинг шарқий қанотимиздаги бепарволиги тобора ортиб бормоқда”, деди у.

НАТОнинг Европадаги Олий қўмондони, АҚШ генерали Алексус Гринкевичнинг таъкидлашича, операция “мослашувчан ва тезкор” бўлади, унда кучайтирилган имкониятлар, ҳаво ва ердаги мудофаа тизимларининг уйғунлаштирилиши ҳамда иттифоқдошлар орасида маълумот алмашинувининг ошиши кўзда тутилган. Гринкевич операциянинг тўлиқ амалга ошиши учун вақт кераклигини, аммо дастлабки қадамлар “дарҳол” бошланишини қайд этди.

Альянс хабарига кўра, операция учун ажратилган жиҳозлар қаторида Даниядан иккита F-16 ҳарбий самолёти ва бирта мудофаа фрегати, Франциядан учта "Rafale", Германиядан тўртта "Eurofighter" бор.

“Ҳозирги эътиборимиз Польшага қаратилган бўлса-да, вазият бир давлат чегарасидан ташқарига чиқади. Бир иттифоқдошга таъсир қилган ҳар қандай ҳолат барчамизга таъсир қилади”, деди Гринкевич.

Унинг айтишича, бу ташаббус НАТО бу йил бошида Болтиқ денгизи кабелларига қилинган диверсияга жавобан ишга туширган “Baltic Sentry” операцияси асосида ишлаб чиқилган.

“Польша ва бутун альянс фуқаролари бу ҳафтадаги тезкор жавобимиз ва бугунги муҳим баёнотимиз билан хотиржам бўлиши мумкин. НАТО ўз ҳудудининг ҳар бир қаричини ҳимоя қилишда давом этади”, деди у.

Гринкевичнинг сўзларига кўра, операция НАТО давлатларининг бутун шарқий қанотини – “узоқ шимолдан то Қора денгиз ва Ўртаер денгизгача” қамраб олади. 

“Шарқий қанот бўйлаб биз позициямизни доимий равишда ўзгартириб, душманни эҳтиётсизликка соламиз ва аниқ таҳдидларга жавоб қайтарамиз”, деди у.

Дрон ҳужуми “хато” эмас

Польша Бош вазири Дональд Туск кеча, 12 сентябрь куни Россия дронларининг мамлакатга киришини “ҳужум” деб атади ва бу хато эмаслигини айтди. Ушбу баёнот АҚШ Президенти Дональд Трамп ҳаво ҳудуди бузилиши “тасодифий бўлиши мумкин” деганидан бир неча соат ўтиб янгради.

“Биз ҳам Польшага қилинган дрон ҳужуми хато бўлишини истардик. Аммо у хато эмас эди. Ва биз бундан хабардормиз”, деб ёзди Туск ижтимоий тармоқда.

Польша Президентининг халқаро сиёсат бўйича идораси раҳбари Марцин Пшидичнинг маҳаллий оммавий ахборот воситаларига айтишича, мамлакатда 10 сентябрь куни Россия томонидан Польшага камида 21 та дрон йўллангани ҳақида маълумот бор, аммо ҳаммаси топилмаган. Унинг таъкидлашича, баъзи дронлар ҳаво ҳудудини кесиб ўтиб қайта кирган бўлиши мумкин.

Илгари поляк расмийлари мамлакат ҳаво ҳудудига 19 марта кириш ҳолати қайд этилганини, уларнинг катта қисми Беларусдан учирилганини айтган. 10 сентябрь куни ички ишлар вазири 16 та дрон мамлакат ҳудудида топилганини маълум қилди. 
Бундан бир кун олдин Трамп Оқ уйда журналистларга бу “хато бўлган бўлиши мумкин, аммо ҳар ҳолда бу вазиятдан мен хурсанд эмасман, умид қиламанки, яқин орада тугайди”, деган эди.

Кеча, 12 сентябрь куни БМТ Хавфсизлик кенгаши йиғилиши олдидан АҚШ бир қатор давлатлар билан бирга Россия ҳаракатларидан “жиддий ташвиш” билдирган баёнотга қўшилди.

“Бундай провокация халқаро ҳамжамиятнинг урушни тугатиш ва халқаро ҳуқуққа мувофиқ тинчлик ва барқарорликни тиклаш йўлидаги ҳамжиҳат ва тинмай қилаётган саъй-ҳаракатларига қаттиқ ҳурматсизликдир”, деди Польша Давлат котиби Марцин Босацкий 12 сентябрь куни Нью-Йоркда.

АҚШнинг БМТдаги элчиси Дороти Ши ҳам Россиянинг Украинага зарбалари ва Польша ҳаво ҳудуди бузилишини “инсонпарвар саъй-ҳаракатларга улкан ҳурматсизлик” деб атади.

Россиянинг БМТдаги элчиси Василий Небензя эса Польша “шошилинч равишда” Россияни айблаганини, аммо далил тақдим этмаганини билдирди. 

“Бу зарбада қўлланилган дронларнинг максимал узоқлиги 700 кмдан ошмайди, демак, уларнинг Польшага етиб бориши жисмонан мумкин эмас”, деди Небензя.

Шу куни Франция Ташқи ишлар вазири Жан-Ноэль Барро Россиянинг Франциядаги элчиси Алексей Мешковни чақирди. 

“Учрашувда Мешков Россиянинг Польша ҳаво ҳудудини атайин бузгани ҳақидаги “асоссиз айбловларни қатъиян рад этганини” айтиб ўтди”, деб хабар қилди Россиянинг ТАСС агентлиги.

Рюттенинг таъкидлашича, НАТО 10 сентябрь куни содир бўлган воқеани баҳолашда давом этмоқда.

“Россия ҳаракатлари атайин қилинган ёки йўқ, барибир Россия НАТО ҳаво ҳудудини бузди. Шу боис НАТО сифатида биз ўз ҳудудимизни ҳимоя қилишга тайёр эканимизни очиқ кўрсатишимиз шарт. “Шарқий қўриқчи” айнан шу учун мўлжалланган”, деди у.


Мақола муаллифи

Теглар

НАТО Россия Польша Eastern Sentry

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг