Россия дон экспортига кескин чеклов қўймоқда
Олам
−
30 Ноябрь
6934Россия жорий йилнинг ноябрь ойи охирига келиб, деярли 2 йил мобайнида рекорд даражага чиққан озиқ-овқат инфляциясини секинлаштириш мақсадида мамлакатдан дон экспорт қилинишига қаттиқ чекловлар киритмоқда. Бу ҳақда “The Moscow Times” хабар берди.
Россия Божхона қуйи қўмитаси кеча, 29 ноябрь куни 2025 йилнинг 15 февралидан 30 июнгача бўлган муддатга дон экспорти учун 11 миллион тонна миқдорида квота белгилади. Бу билан 2023 йил (29 миллион тонна) квоталар ҳажми келгуси йилда деярли уч баравар камаяди.
Шу билан бирга, хорижга фақат буғдой ва меслин экспортига рухсат берилади. Экспорт квотасининг сезиларли даражада қисқариши мамлакат ичидаги нархларни ушлаб туришга қаратилган.
“Арпа, жавдар ва маккажўхори экспорти учун квота 0 тоннани ташкил этади”, дея аниқлик киритмоқда Иқтисодий ривожланиш вазирлиги.
Маълумот учун, 25 ноябрь ҳолатига кўра, Россияда озиқ-овқат нархларининг ўсиши йиллик ҳисобда 10,2 фоизга етди ва 2023 йил январидан буён рекорд ўрнатди. Йил бошидан буён картошка 78,4 фоизга, карам 30,7 фоизга, лавлаги 27 фоизга, қўй гўшти 21,9 фоизга, сметана 16,4 фоизга, сут 15,7 фоизга қимматлашган. Ҳукумат Туркия ва Эрондан импортни ташкил этишга уринишларига қарамай, сариёғ нархининг ўсиши 31,6 фоизга тезлашди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозон шаҳрида бўлиб ўтган BRICSʼга аъзо давлатлар раҳбарларининг ўн олтинчи саммитида маҳсулот ва хомашё учун адолатли ва прогноз қилинадиган нарх кўрсаткичларини шакллантириш мақсадида Россия Президенти BRICS дон биржасини ташкил этиш ташаббуси билан чиққанди.
LiveБарчаси